Ўзбекистоннинг ёш метрологлари халқаро майдонда юксак натижаларга эришмоқда
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон миллий метрология институтида илмий салоҳиятли ёшлар эътироф этилди. Тадбирда ёш олимлар ва мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро майдондаги ютуқлари ҳамда метрология соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон миллий метрология институтида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров сўзга чиқиб, тизимда фаолият юритаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ва амалий ютуқлари мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Бугунги кунда институтда 68 нафар фалсафа доктори (PhD) фаолият юритиб, мамлакатимизда метрология соҳасини ривожлантириш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Илмий салоҳиятни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил 15 апрелдан бошлаб институт ҳузурида «Метрология ва метрологик таъминот» ихтисослиги бўйича PhD ва DSc илмий даражалари учун мустақил изланувчиликка қабул йўлга қўйилди.
[gallery-30155]
–Институт ёш мутахассислари халқаро танловларда ҳам юқори натижаларни қайд этмоқда, – дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров. – Жорий йилнинг 16–17 июнь кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида «Келажак бизники» шиори остида ўтказилган IV Халқаро илмий-амалий ёш олимлар ва мутахассислар анжумани доирасида ташкил этилган «МДҲнинг энг яхши ёш метрологи» I халқаро танловида институт вакиллари муносиб иштирок этди.
Танлов якунларига кўра, Азамат Таубалдиев илмий метрология йўналишида биринчи ўринни, Аҳмадбек Муҳаммад Аминов эса метрологияни рақамлаштириш йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритди.
Бу натижалар мамлакатимизда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганининг яна бир амалий исботидир.
20 май — Бутунжаҳон метрология куни муносабати билан соҳа вакилларининг меҳнати давлат даражасида муносиб баҳоланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 апрелдаги 143-сон қарори билан таъсис этилган «Энг яхши метролог» мукофотининг илк ғолиблари орасида институт ходимлари ҳам бор.
Жорий йил Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган COOMET қўмитасининг 38-йиғилиши доирасида Ўзбекистоннинг халқаро метрология соҳасидаги нуфузи янада мустаҳкамлангани эътироф этилди. Муҳим воқеалардан бири сифатида Ўзбекистон вакили биринчи марта COOMET таркибий органига раҳбар этиб сайланди. Институтнинг ёш мутахассиси Азамат Таубалдиев ТҚ 1.9 «Ионлаштирувчи нурланишлар ва радиоактивлик» қўмитаси раиси этиб сайланди. Бу мамлакатимиз мутахассисларининг халқаро ҳамжамиятдаги юқори обрў-эътиборини яна бир бор намоён этди.
Тадбир якунида тизимда самарали меҳнат қилиб келаётган ва юқори натижаларга эришган ёш мутахассислар тақдирланди.
Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА