Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Грузия оммавий ахборот воситалари орқали ёритилди
Туризм - мамлакатнинг иқтисодий ва маданий тараққиётини таъминловчи муҳим тармоқлардан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ушбу соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириб, жаҳон туризм бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишда хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш мамлакатнинг туристик жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз туризм салоҳиятининг Грузия оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этилаётгани ана шундай ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди.
Жумладан, Грузия Жамоат телерадиокомпанияси эфирида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий шаҳарлари, бетакрор меъморий обидалари ҳамда замонавий туристик имкониятлари ҳақида махсус телекўрсатув намойиш этилди. Унда мамлакатимиз маданий-маърифий, гастрономик ва тадбирлар туризми учун энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида эътироф этилди.
Кўрсатувда Ўзбекистоннинг жаҳонда энг тез ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Хусусан, бой тарихий мерос, кўплаб мамлакатлар учун жорий этилган визасиз тартиб, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар, замонавий меҳмонхоналар ва ривожланган туристик инфратузилма мамлакатимизга ташриф буюрувчилар учун қулай шароит яратаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда халқаро аудиторияга чиқишда телевидение ва рақамли медиа муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Туризм қўмитаси томонидан Грузиянинг етакчи медиа ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ташаббуслар хорижлик журналистларга мамлакатимиз туристик салоҳияти билан яқиндан танишиш, тарихий обидалар, миллий таомлар, урф-одатлар ва замонавий туристик хизматларни бевосита кўриш имконини беради. Шунингдек, улар тайёрлайдиган телелойиҳалар, ҳужжатли фильмлар ва рақамли контент орқали Ўзбекистон ҳақидаги ижобий тасаввур янада кенгайиши кутилмоқда.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатнинг туристик имижини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири беқиёс. Миллионлаб томошабинлар ва интернет фойдаланувчилари айнан медиа орқали янги сайёҳлик йўналишлари ҳақида маълумот олади ва саёҳат қарорини қабул қилади.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Грузия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бермоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА