Ўзбекистон ва Грузия туризмни медиа орқали биргаликда тарғиб қилади
Ўзбекистон ва Грузия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Энди икки мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати ҳамда замонавий туризм имкониятлари халқаро аудиторияга қўшма медиа лойиҳалар орқали кенг тарғиб этилади.
Бу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов бошчилигидаги делегациянинг Грузияга расмий ташрифи доирасида амалга оширилган учрашувда муҳокама қилинди.
Учрашувда Грузия Жамоат телерадиокомпанияси бош директори Тинатин Бердзенишвили билан туризм салоҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш, қўшма медиа маҳсулотлар яратиш ва ахборот соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Грузиянинг кўп асрлик тарихи, бой маданий мероси, миллий таомлари, гўзал табиати, узумчилик ва виночилик анъаналари ҳамда Буюк Ипак йўли цивилизациясига оид бой меросини замонавий медиа форматлар орқали жаҳон жамоатчилигига намойиш этиш муҳимлигини таъкидлади.
Музокаралар чоғида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби машҳур туристик марказлар, шунингдек, Буюк Ипак йўли йўналишларини тарғиб қилишга бағишланган махсус теледастурлар, ҳужжатли фильмлар, репортажлар ва рақамли видеоконтентлар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Бундай лойиҳалар ҳар икки мамлакатнинг туристик брендини халқаро майдонда янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, грузиялик журналистлар, тележурналистлар, ижодий гуруҳлар ва машҳур блогерлар учун Ўзбекистон бўйлаб инфо-турлар ташкил этиш режаси ҳам кўриб чиқилди. Бу ташрифлар орқали мамлакатнинг туристик салоҳиятини бевосита намойиш этиш ва халқаро аудиторияга ишончли ахборот етказиш мақсад қилинган.
Учрашув якунларига кўра, туризмга оид видеоматериаллар, телелойиҳалар ва кўрсатувларни ўзаро алмашиш, уларни миллий телеканаллар ҳамда рақамли платформалар орқали тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди.
Бундан ташқари, туризм форумлари, халқаро кўргазмалар, маданий фестиваллар ва бошқа йирик тадбирларни биргаликда ёритиш орқали Ўзбекистон ва Грузиянинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мазкур ҳамкорлик нафақат икки мамлакат ўртасидаги туризм алоқаларини мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва замонавий туризм имкониятларини халқаро медиа маконида кенг тарғиб қилишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА