Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 28,2 миллиард долларга етди
Экспертларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон бугунги кунда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини амалга оширмоқда.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси 28,2 миллиард долларга тенг бўлди. Жумладан, экспорт 10,3 миллиард, импорт эса 17,9 миллиард долларни ташкил этади.
Эътиборлиси, Ўзбекистон ташқи савдосида жаҳоннинг иқтисодий ривожланган мамлакатлари ҳиссаси ортиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон савдо айланмасининг 70 фоизга яқини узоқ хориж мамлакатлари, 40 фоизга яқини эса МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик шерик давлатлар орасида олти мамлакат, хусусан Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Канада, Эрон, Афғонистон билан фаол ташқи савдо баланси мавжуд.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА