Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги юксак эътироф этилмоқда
Ҳозиргина Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши якунига етди.
Юқори даражадаги анжуманда ташкилот Бош котиби Чжан Мин, аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, Миллий координаторлар ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизнинг ташкилотга раислик доирасидаги алоҳида фаоллигини якдил эътироф этишди. Хусусан, ҳозиргача амалга оширилган самарали ишлар, муҳим соҳа ва йўналишларни тараққий эттиришга қаратилган ташаббуслар қайд этилди. Самарқандда ўтадиган асосий воқеа – Президентлар саммити хусусида фикр билдирилди.
Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди:

– Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислигини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни маълум қиламан. Ишончим комилки, бугунги учрашув бўлажак Самарқанд саммитини мазмунан бойитишга хизмат қилади.
Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар:
– Ҳиндистон Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги мислсиз саъй-ҳаракатини олқишлаган ҳолда, мамлакатнинг фаол ва долзарб ташаббусларига доимо хайрихоҳлигимизни изҳор этамиз. ШҲТнинг Самарқанд саммити муваффақиятли ўтишига ҳам ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И:
– Ўзбекистон томони ШҲТга раислик даврида тузилма ривожланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Биргаликда режалаштирилган улкан ишларни амалга оширишга яқиндан кўмаклашмоқда.
Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев:
– Қирғизистон томони халқаро майдондаги, қолаверса, минтақамиздаги воқелик, мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси раислиги доирасида белгиланган устувор вазифаларни қизғин маъқуллайди.
Шунингдек, йиғилиш арафасида Тошкентда Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференция ҳам жуда фойдали ва умидбахш бўлди.
Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Билавол Бхутто Зардорий:
– Покистон Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепциясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров:
– ШҲТга раислик доирасида илм-фан ва техника, маданият, соғлиқни сақлаш, туризм соҳаларида ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўтказилган кўплаб тадбирларни юқори баҳолаймиз. Ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси туризм соҳасидаги ҳукуматлараро битим ва музей иши бўйича меморандум билан тўлдирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан транспорт боғлиқлигига эришиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва рақамли трансформацияни, ҳудудлараро алоқани ривожлантириш, юқори технология ва инновациялар жорий этишга қаратилган пухта ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилгани ҳам диққатга сазовор.
Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин:
– Биз Ўзбекистон томони ташаббуси билан ишбилармон доира вакиллари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш режасини ишлаб чиқиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик дастури қабул қилиниши режалаштирилганини олқишлаймиз.
Беҳруз Худойбердиев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА