Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислиги – Ҳамдўстлик маконида стратегик шериклик ва ҳамкорликни янги босқичга кўтаради
Глобал геосиёсий ва иқтисодий зиддиятлар кескин тус олаётган, анъанавий таъминот занжирлари издан чиқиб, халқаро майдонда ишонч инқирози чуқурлашиб бораётган ҳозирги мураккаб шароитда кўп томонлама шериклик механизмларининг барқарорлиги ва самарадорлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.
Бироқ, дунёда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга қарамай, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги макони ўзаро манфаатли мулоқот, яхши қўшничилик ва амалий интеграциянинг ишончли майдони сифатида ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Бугунги кунда ушбу тузилма доирасида шаклланган муносабатлар фақат анъанавий алоқаларни сақлаб қолиш билан чегараланмасдан, замонавий иқтисодий воқелик ва глобал чақириқларга мослашган ҳолда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Мамлакатимизнинг яқин истиқболда МДҲга раислик қилиши Ҳамдўстлик доирасидаги умумий саъй-ҳаракатларга янги нафас бағишлаши билан тарихий аҳамиятга эгадир. “МДҲ – ишонч ва умумий тараққиёт макони” деган чуқур маъноли шиор остида шакллантирилаётган Раислик концепцияси ва юздан ортиқ амалий тадбирларни ўз ичига олган Тадбирлар режаси расмий бюрократизмдан холи бўлиб, айнан реал натижаларга йўналтирилганлиги билан ажралиб туради.

Бугунги кунда дунё сиёсатида ҳар қандай зиддиятли вазиятларни совуққонлик билан муҳокама қилиш, бир-бирини тинглай билиш ҳамда муросали ечимларни излаб топиш қобилияти ҳал қилувчи ўрин тутади. Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган устувор йўналишлар, хусусан, иқтисодий кооперация, юқори технологиялар, транспорт-логистика тармоқлари, хавфсизликни таъминлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш каби масалалар Ҳамдўстликка аъзо барча мамлакатларнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради.
Шу билан бирга, иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини яратишда саноат кооперациясини кенгайтириш ва ўзаро товар айирбошлаш йўлидаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш биринчи галдаги вазифа саналади. Мамлакатларимиз улкан хомашё ресурслари, ишлаб чиқариш қувватлари ва кенг бозор салоҳиятига эга. Агар ана шу имкониятлар ягона ишлаб чиқариш занжирлари ва қўшма корхоналар орқали бирлаштирилса, эришиладиган натижалар яққол сезилади.
Бу борада анъанавий тармоқлар билан биргаликда энг истиқболли ва рақобатбардош соҳалар – муҳим минераллар, сунъий интеллект, роботлаштириш, янги материаллар ва замонавий энергетика технологияларини ўзлаштириш ҳаётий заруратдир. Рақамли технологияларни иқтисодиёт тармоқларига ва электрон тижоратга кенг жорий этиш орқалигина глобал рақобатда орқада қолиб кетмасликни таъминлаш мумкин.
Марказий Осиё минтақаси бугунги кунда Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи глобал қуруқликдаги энг муҳим транзит тугунига айланиб бормоқда. Бундай улкан стратегик салоҳиятдан самарали фойдаланиш учун транзит тартиб-таомилларини тубдан соддалаштириш, хавфсиз ва мақбул логистика йўлакларини шакллантириш лозим. МДҲ маконида транспорт тармоқларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ишлаши нафақат иқтисодий манфаатларни, балки умумий барқарорликни ҳам таъминлайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонлик учун мустаҳкам хавфсизлик муҳити зарур. Терроризм, экстремизм ва замонавий кибержиноятчилик каби глобал таҳдидлар аллақачон алоҳида давлатлар чегарасидан чиқиб кетиб, банклар, давлат тизимлари ва оддий фуқароларнинг кундалик ҳаётига хавф солмоқда. Шу боис, МДҲнинг соҳавий органлари салоҳиятини ошириш, умумий таҳдидларга қарши курашишда тезкор ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаси ҳисобланади.
Қолаверса, ҳамдўстликнинг энг катта бойлиги ва келажагини белгиловчи омил бу – инсон капиталидир. Ўзаро дўстлик ришталари, асрлар давомида шаклланган маданий-гуманитар алоқалар муносабатларимизнинг асосидир. Келажак авлод – ёшлар, талабалар, олимлар ва мутахассисларнинг эркин мулоқот қилиши, биргаликда илмий изланишлар олиб бориши учун қулай шароитлар яратиш зарур. Бунинг учун давлатлараро фаолиятнинг марказида инсон қадр-қиммати, унинг манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш турмоғи лозим.
МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг бўлажак раислиги Ҳамдўстлик мамлакатлари тараққиётига янги суръат бағишлабгина қолмай, замонавий халқаро сиёсатда конструктив мулоқот ҳамда ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу борада қабул қилинадиган ҳар бир амалий қарор ва қўшма ташаббус халқларимизнинг фаровон ҳаёти ҳамда барқарор келажагини таъминлашда муҳим пойдевор бўлади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА