Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон билан ҳамкорлиги
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайиб, мустаҳкамланди. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа мамлакатларининг барқарор иқтисодий ўсишига хизмат қилди.
2017-2025 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 3,1 баробар ошиб, 8,3 млрд. АҚШ долларига етди. Экспорт 2,1 баробар ўсиб, 3,1 млрд. доллар, импорт эса 4,2 баробар ошиб, 5,1 млрд. долларни ташкил этди.
Марказий Осиё мамлакатлари инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони 7 баробардан ортиқ ошиб, 2,3 мингтадан зиёдни ташкил қилди.
Марказий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистонга жалб қилинаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг йиллик ҳажми 600 баробардан ортиқ ўсиб, 2025 йилда 1,3 млрд. АҚШ долларига етди.
Солиштириш учун, 2017 йилда бу кўрсаткич атиги 2,1 млн. долларни ташкил этган. 2025 йилда ўзаро савдо таркибида энг йирик ҳамкор сифатида Қозоғистон сақланиб қолди. У билан товар айирбошлаш ҳажми 5 млрд. АҚШ долларини ёки Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан жами савдосининг 60,2 фоизини ташкил этди.
Туркманистон билан товар айирбошлаш 1,2 млрд. долларга (14,5 фоиз), Қирғизистон билан ҳам 1,2 млрд долларга (14,5 фоиз) етди. Тожикистон билан савдо ҳажми 912,3 млн. доллар, яъни 11 фоизни ташкил қилди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти 3,2 млрд. АҚШ долларига етди. Минтақа мамлакатларининг Ўзбекистон умумий экспортидаги улуши 9,8 фоизни ташкил қилди. Марказий Осиё давлатларидан импорт ҳажми 5,1 млрд. АҚШ доллари бўлиб, уларнинг мамлакат умумий импортидаги улуши 11,1 фоизга етди.
Ўзаро савдони кенгайтириш салоҳияти Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо 1996-1997 йилларда имзоланган икки томонлама эркин савдо тўғрисидаги битимлар асосида эркин савдо режимида амалга оширилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган маҳсулотларни минтақа мамлакатларининг ўзаро экспорт етказиб беришлари билан алмаштириш ҳисобига ички савдо ҳажмини 11,4 млрд. АҚШ долларига, яъни 2 баробардан ортиқ ошириш имконияти мавжуд.
Кўриниб турибдики, минтақа ичидаги ўзаро савдони кенгайтириш салоҳияти жуда юқори. Уни тўлиқ рўёбга чиқариш учун ўзаро савдода мавжуд тариф (истиснолар) ва нотариф тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш зарур. Шунингдек, минтақа мамлакатлари экспортёрлари ва импортёрларини Марказий Осиё умумий бозорида товарларга бўлган талаб ва таклиф тўғрисидаги долзарб ахборот билан мунтазам таъминлаш механизмларини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, инвестициявий ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. 2017-2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатларидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми 2,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Фақат 2025 йилнинг ўзида минтақадан жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар ҳажми 1,3 млрд. АҚШ долларига етди.
2026 йил июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари капитали иштирокида 2 384 та корхона фаолият юритган. Уларнинг энг кўпи Қозоғистон капитали иштирокида ташкил этилган бўлиб, 1 283 тани ташкил этган.
Шунингдек, Тожикистон капитали иштирокида 442 та, Қирғизистон капитали иштирокида 362 та, Туркманистон капитали иштирокида эса 297 та корхона фаолият кўрсатган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашиб, давлатлараро муносабатларнинг энг юқори босқичи – стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилди. Икки мамлакат Президентлари раислигида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этилди. У Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни илгари суришнинг самарали механизмига айланди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо эркин савдо режими асосида амалга оширилмоқда.
2017-2025 йилларда Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан товар айирбошлаш ҳажми 9,5 баробар ошиб, 32,5 млн. АҚШ долларидан 307,3 млн. долларга етди. Экспорт 8,2 баробар ошиб, 27,6 млн. доллардан 227,3 млн. долларга, импорт эса 16,3 баробар ўсиб, 4,9 млн. доллардан 80 млн. долларга етди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан ташқи савдоси таркиби қуйидагича шаклланди:
Экспорт – жами 227,3 млн АҚШ доллари, жумладан:
саноат маҳсулотлари – 63,4 млн. доллар (28 фоиз);
машина ва транспорт ускуналари – 49,3 млн. доллар (22 фоиз);
озиқ-овқат маҳсулотлари – 36,3 млн. доллар (16 фоиз);
ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари – 34,3 млн. доллар (15 фоиз);
тайёр маҳсулотлар – 11 млн. доллар (5 фоиз);
кимё маҳсулотлари – 5,1 млн. доллар (2,2 фоиз);
хизматлар – 22,5 млн. доллар (10 фоиз).
Импорт – жами 80 млн. АҚШ доллари, жумладан:
озиқ-овқат маҳсулотлари – 43,2 млн. доллар (54 фоиз);
саноат маҳсулотлари – 17,4 млн. доллар (22 фоиз);
машина ва транспорт ускуналари – 5,8 млн. доллар (7,3 фоиз);
кимё маҳсулотлари – 5,4 млн. доллар (6,8 фоиз);
ноозиқ-овқат хом ашёси – 1,3 млн. доллар (1,6 фоиз);
минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари – 1,2 млн. доллар (1,5 фоиз);
хизматлар – 4,3 млн. доллар (5,4 фоиз).
Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2023 йилда устав капитали 500 млн. АҚШ доллари бўлган Озарбайжон – Ўзбекистон инвестиция компанияси ташкил этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 460 та корхона фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич 2017 йилдаги 71 тага нисбатан 6,5 баробарга ошган.
2025 йилда Озарбайжондан Ўзбекистонга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 173,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди (2017 йилда – 0,1 млн. доллар). Ўзбекистон иқтисодиётига Озарбайжондан жалб қилинган жами инвестициялар ҳажми 318,6 млн. АҚШ долларига етди. Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар асосан қурилиш, қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон капитали ҳам Озарбайжон бозоридаги иштирокини кенгайтирмоқда. Хусусан, автомобиллар ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилган. Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири транспорт соҳасидир. Ўзбекистон Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта йўлак) орқали товарларни Европа бозорларига етказиб беришда Озарбайжоннинг транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.
Моҳигул Қосимова, ЎзА