МКБАНК эскроу хизматларини кенгайтирмоқда: нотариал олди-сотди битимлари янада қулай ва хавфсиз!
Фармон ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида МКБАНК томонидан аҳолига эскроу хизматларини кўрсатиш кўлами кенгайтирилиб, ушбу хизматларнинг қулайлиги ва самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Фармон ижросини таъминлаш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида банкнинг 35 та банк хизматлари офиси ва марказларига яқин жойлашган 57 та нотариал идорада МКБАНКнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари, масъул ходимлари ҳамда уларнинг алоқа маълумотлари акс эттирилган ахборот материаллари жойлаштирилди. Мазкур ташаббус фуқароларнинг эскроу хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 апрелидан Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳамда Бухоро шаҳридаги автомобил бозорларида автомобил олди-сотди битимлари иштирокчилари учун махсус кассалар ташкил этилди. Ушбу кассаларда эскроу ҳисобварақларини очиш, валюта айирбошлаш ҳамда барча турдаги нақд пул касса операциялари амалга оширилмоқда. Мазкур бўлинмалар шанба ва якшанба кунлари ҳам узлуксиз фаолият юритмоқда.
Рақамли хизматларни ривожлантириш доирасида жорий йилнинг июн ойидан бошлаб МКБАНКнинг «MAVRID» мобил иловаси орқали ҳам эскроу хизматлари йўлга қўйилди. Натижада мижозлар кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотди битимларини масофадан туриб хавфсиз ва қулай тарзда амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар. Ҳозирда мобил илова орқали ҳар ой ўртача 200 дан ортиқ битим муваффақиятли расмийлаштирилмоқда.
Шунингдек, MAVRID иловасида Эскроу хизматининг:
· Эскроу ҳисобварағини масофадан очиш ва бошқариш;
· Харидор маблағлари банк назорати остида тўлиқ ҳимояланиши;
· Сотувчи учун тўлов кафолати;
· Ва ортиқча ҳужжатбозликнинг камайиши каби асосий афзалликлари мавжуд.
Бугунги кунда МКБАНКнинг 125 та ҳудудий бўлинмаси томонидан нотариал идоралар билан ҳамкорликда эскроу хизматлари самарали ташкил этилган. Натижада жорий йилнинг 1 апрелидан бугунги кунга қадар аҳолининг 6 мингдан ортиқ нотариал олди-сотди битимлари муваффақиятли амалга оширилиб, уларнинг умумий қиймати 129,1 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан 2 146 таси кўчмас мулк, 3 841 таси эса транспорт воситалари олди-сотди битимларига тўғри келади.
Бундан ташқари, фуқаролар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида банкнинг 32 та банк хизматлари офиси ва марказларига яқин жойлашган 44 та нотариал идора билан ҳамкорликда дам олиш кунлари ҳам эскроу хизматлари узлуксиз кўрсатиб келинмоқда.
МКБАНК томонидан эскроу хизматлари инфратузилмасини кенгайтириш, замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда нотариал битимлар бўйича хавфсиз, шаффоф ва ишончли ҳисоб-китобларни таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
P.S. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб кўчмас мулк ва транспорт воситаларини нотариал олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш жараёнида банкларда эскроу ҳисобварақларини очиш, маблағларни қабул қилиш ҳамда харидордан сотувчига ишончли ўтказишни таъминловчи ягона умумреспублика тўлов ва хизмат кўрсатиш тизими жорий этилган.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида