Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини халқаро миқёсда тарғиб этишга оид ташаббуслари барчага ибрат
Пойтахтимизда бошланган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ғоят қизғин руҳда ўтмоқда. Бу жиҳатлар халқаро форум иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Дамир Мухетдинов, Россия Федерацияси мусулмонлари Диний бошқармаси Раисининг биринчи ўринбосари:
– Ўзбекистонда ўтказилаётган ушбу халқаро форум менда жуда катта таассурот қолдирди. Бу ерда исломнинг ҳақиқий моҳияти – тинчлик, бағрикенглик, илм-фан ва маърифат ғоялари наинки муҳокама қилинмоқда, балки амалий ташаббуслар билан бойитилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон раҳбариятининг буюк алломалар меросини тиклаш, қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва уларни жаҳон илмий жамоатчилигига етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак эътирофга лойиқ. Мазкур форум турли мамлакатлар олимлари ва дин арбобларини бирлаштириб, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган муҳим мулоқот майдонига айлангани қувонарли.
Ишонаманки, ушбу форумдан туғиладиган илмий ва маърифий ташаббуслар нафақат минтақа, балки бутун мусулмон олами учун катта аҳамиятга эга бўлади. Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари барчага ибрат бўлади.

Иброҳим Нажим, Миср Араб Республикаси Бош муфтийсининг катта маслаҳатчиси, Жаҳон фатво идоралари кенгашининг Бош котиби:
– Ўзбекистонда ташкил этилган мазкур нуфузли форум менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Бу анжуман ислом динининг асл моҳияти – илм, маърифат, бағрикенглик ва эзгулик ғояларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун муҳим мулоқот майдони эканини яна бир бор намоён этди.
Айниқса, Ўзбекистоннинг буюк муҳаддислар ва мутафаккирлар илмий меросини ўрганиш, уни замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказишга қаратаётган эътибори юксак таҳсинга лойиқ. Бу саъй-ҳаракатлар диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, радикализм ва мутаассибликка қарши маърифат билан курашишда муҳим аҳамият касб этади.
Форум давомида билдирилган фикрлар ва илгари сурилган ташаббуслар келгусида Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги диний-маърифий ҳамда илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман. Ўзбекистоннинг меҳмондўстлиги, юксак ташкилий савияси ва илм аҳлига бўлган юксак эҳтироми ҳар қандай иштирокчида унутилмас таассурот қолдиради.

Меҳмет Эмин Ўзафшар, Анқара Университети Илоҳиёт факультети, Ҳадис кафедраси мудири:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихида Учинчи Ренессансни бошлаб берди, деб ўйлайман. Ҳозир биз турган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон ва бутун туркий дунё тарихини ўзида намоён этади.
Давлат раҳбари Ўзбекистонни замонавий дунёда барча ҳавас қиладиган етакчи марказлардан бирига айлантириш учун кўп қиррали ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бир томондан таълим соҳасида кенг кўламли сафарбарлик олиб борилмоқда, иккинчи томондан инфратузилма лойиҳалари давом эттирилмоқда, яна бир жиҳати эса халқаро алоқаларга катта аҳамият берилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари ўзбек маданияти, ўзбек тарихи ҳамда ушбу заминнинг тарихий аҳамияти нақадар улуғ эканини яққол кўрсатиб бермоқда.

Аҳмад Абдуҳ Тарабек (Миср), Ўзбекистон маданияти ва тарихи бўйича олим, ёзувчи, “Мисрдаги ўзбеклар тарихи”, “Шавкат Мирзиёев – Янги Ўзбекистон бунёдкори” китоблари муаллифи:
– “Шавкат Мирзиёев – Янги Ўзбекистон бунёдкори” китобида Ўзбекистондаги цивилизациянинг тарихий босқичлари нафақат дин ва Ислом маданияти, балки аниқ фанлар ҳамда Исломгача бўлган даврлар мисолида ҳам кенг ёритилган. Бугунги кунда мазкур йирик нуфузли форумда ушбу масалаларнинг илмий жиҳатлари очиб берилиши билан бир қаторда, уларнинг амалий ифодасини марказ таркибидаги музейда ҳам кўришимиз мумкин.
Бу ерда нафақат Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк зотларнинг Ислом меросига қўшган ҳиссалари, балки Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ҳамда Ибн Сино каби мутафаккирларнинг тиббиёт ва геодезия соҳаларидаги улкан ютуқлари ҳам алоҳида намойиш этилган.
Ўзбекистоннинг Ислом маданиятига қўшаётган бу каби улкан ҳиссаси барчамизга чексиз мамнуният бағишлайди. Бу эса нафақат араб ва мусулмон мамлакатларида, балки бошқа мусулмон бўлмаган юртларда ҳам бугунги Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада орттирмоқда.

Шайх Салоҳ Абулҳож, Иордания халқаро ислом фанлари университети декани:
– Ушбу анжуман биз учун жуда катта эҳтиром бўлиб, дунё миқёсидаги ислом уламоларининг йирик йиғилишидир. Мазкур тадбир нафақат дин доирасида, балки маданиятлараро ўзаро туташув марказига айланди.
Бу ердаги уламоларнинг ҳамда дунёдаги барча мусулмон мамлакатлари вакилларининг йиғилиши айнан Ўзбекистон раҳбарияти, муҳтарам Президентнинг ташаббуслари самарасидир. Зеро, мазкур ташаббус замирида Ўзбекистондаги яна бир бор уйғониш, яъни Учинчи Ренессанс ғояси ётгани барчамизни жуда қувонтирди.
Албатта, форумда уламоларнинг жам бўлиши Ислом маданиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бутун дунёга Марказий Осиё уламоларининг бу ерда шаклланган цивилизациясини яна бир бор тараннум этади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.