Тиббиёт муассасаларининг мавсумга тайёргарлиги ва эпидемиологик вазият танқидий таҳлил қилинди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларининг қиш мавсумига тайёргарлиги ҳамда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг олдини олиш юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар, муассасалар ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ҳудудлар кесимида иситиш қозонлари, ёқилғи захираси, электр генераторлари ва муқобил энергия таъминоти масалалари чуқур таҳлил қилинди. Қайд этилишича, айни пайтда фаолият юритаётган 3,6 мингдан зиёд давлат тиббиёт муассасаси учун 56,9 минг тонна кўмир захира қилинган, маънан эскирган 156 та иситиш қозони янгиланган ва республика ҳамда ҳудудий штаблар тузилган.
Бироқ ўрганишлар давомида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятидаги баъзи муассасаларда таъмирлаш ишлари муддатида тугалланмаган, айрим туманларда кўмир захиралари очиқ ҳавода сақланмоқда. Шаҳрихондаги 66-оилавий поликлиникада эса иситиш тизими ҳали ҳам ишга туширилмаган. Шунингдек, қатор ҳудудлардаги объектлар марказлашган иситиш тизимига уланмагани, айрим жойларда қўлбола қозонлардан фойдаланилаётгани ва саноат хавфсизлиги талаблари бузилгани жиддий танқид қилинди. Вазир бундай масалаларга бефарқ қараган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини таъкидлаб, биноларда меъёрий ҳароратни сақлаш, генераторлар ва ёқилғи захирасини тўлиқ таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берди. Шу билан бирга, «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар айрим ҳудудларда суст кетгани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, йиғилишда эпидемиологик вазият ва совуқ мавсумга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилнинг 10 ойида ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ҳолатлари камайганига қарамай, октябрь-ноябрь ойларида баъзи ҳудудларда ўсиш кузатилган. Бугунги кунда республикадаги болалар ўринларининг бандлик даражаси бироз юқорилиги сабабли масъулиятни ошириш талаб этилади.
Вазир оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамширалари уйма-уй юриб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиши зарурлигини, шамоллаш мавсумида ҳеч бир бемор эътибордан четда қолмаслиги кераклигини қайд этди. Шифохоналарга тушаётган юкламани камайтириш учун биринчи бўғин фаолиятини кучайтириш, захира ўринларини ташкил этиш, шунингдек, антибиотиклар ва гормонал препаратларни фақат кўрсатма асосида қўллаш, аҳоли ўртасида профилактика ҳамда эмлаш ишларини жадаллаштириш юзасидан мутасаддиларга қатъий вазифалар юкланди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА