Камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди
Президентимиз раислигида ёқилғи-энергетика тармоғининг келгусидаги устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида газ ва электр таъминоти тизимини барқарорлаштириш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, Янгийўл тажрибаси асосида «туманбай» ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали томонидан Косон туманида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жойларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар истеъмолчилар билан бевосита мулоқот қилиб, ҳисоб-китоблар, мурожаатлар, тўлов интизоми ва мавжуд муаммоларни ўрганмоқда. Аниқланган масалаларни жойида ҳал этиш, қарздорликларни босқичма-босқич камайтириш ва истеъмолчиларга қулай тўлов имкониятлари ҳақида тушунтириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда тумандаги 22 та маҳалланинг 5 тасида газ таъминоти объектлари хатловдан ўтказилди. Ўрганишлар давомида 21 километр газ тармоғи ва 2 та газ тақсимлаш пунктида камчиликлар аниқланиб, улар «қизил» тоифага ажратилди.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида 8,9 километр газ тармоғи ва 2 та газ тақсимлаш пункти таъмирланиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Тизимда тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва дебитор қарздорликни камайтириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Йил бошидан 4 миллиард 359 миллион сўм дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 1 минг 324 нафар истеъмолчи газ тармоғидан ажратилди ва қарздорликни ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритилди.
Шунингдек, 35,6 километр газ тармоғи мониторингдан ўтказилиб, 4 та газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди. Камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган рейд тадбирлари давомида 31 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, бу бўйича далолатномалар расмийлаштирилди. Аниқланган қоидабузарликлар натижасида 296 миллион 443 минг сўм миқдорида зарар ҳисобланди.
Жойлардаги бу каби ўрганиш ва амалий чора-тадбирлар газ таъминоти тизимидаги муаммоларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ҳамда истеъмолчиларга сифатли ва барқарор хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири