Ўзбекистонлик ёш мутахассислар Хитойда халқаро тажриба орттирди
Бугунги кунда мамлакатимизда тоғ-кон саноатини барқарор ва инновацион ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Бу борада замонавий билим ва кўникмаларга эга, дунёдаги илғор ёндашувларни ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, ёш кадрларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг халқаро тажриба орттириши ва соҳадаги замонавий ёндашувларни ўрганиши учун шароит яратиш бугунги кун талабларидан биридир. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда “Ўзметкомбинат” АЖ раҳбарияти томонидан ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг профессионал ривожига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқинда ана шу йўналишдаги ишлар доирасида Хитой Халқ Республикасида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ташаббуси билан “Ўзбекистонда тоғ-кон саноатини барқарор ривожлантириш” мавзусида халқаро ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар Хитойнинг тоғ-кон саноатида қўлланилаётган замонавий ечимлар, барқарор ишлаб чиқариш тамойиллари ва соҳани ривожлантиришга қаратилган ёндашувлар билан танишди.
Халқаро ўқув-семинарда “Ўзметкомбинат” АЖ номидан Капитал бозорлар ва инвесторлар билан алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Нурматжон Исмоилов ҳам иштирок этди.
– Хитойда тоғ-кон саноатини ривожлантиришга комплекс ёндашув шаклланганини кўриш мумкин. Семинар давомида замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ёндашувлар билан танишдик. Бу жараёнлар менда соҳа ривожига оид янги тасаввур ва ғояларни шакллантирди. Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати турли мамлакатлардан ташриф буюрган мутахассислар билан мулоқот қилиш ва фикр алмашиш имконияти бўлди. Бундай учрашувлар натижасида нафақат янги маълумотларга эга бўласиз, балки бошқа давлатлардаги ҳамкасбларнинг ёндашувлари билан танишиб, ўз ишингизга бошқача нуқтаи назардан қараш имконияти пайдо бўлади. Олган билимларимизни амалиёт билан уйғунлаштириб, келгусидаги фаолиятимизда самарали қўллашга ҳаракат қиламиз, – деди Н.Исмоилов.
Айтиш жоизки, бундай халқаро дастурларнинг аҳамияти хориж тажрибасини ўрганиш билангина чекланмайди. Чунки ўрганилган илғор ёндашувларни маҳаллий шароитга мослаштириш ва амалиётга татбиқ этиш асносида соҳани ривожлантириш учун янги имкониятлар юзага келади. Бу жараёнда халқаро тажрибага эга, замонавий билим ва кўникмаларни амалиётда қўллай оладиган кадрлар муҳим ўрин тутади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА