Эзгу ташаббус: мактабларга китоблар ва ўқув анжомлари совға қилинди
Бугун мамлакатимизда таълим, ёшлар тарбияси ва уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ташаббуслар билан бир қаторда, корхона ва ташкилотларнинг ижтимоий масъулиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида турли хайрли ишлар амалга ошириляпти.
Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири янги ўқув йили арафасида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги 68-, 80- ва 14-сонли умумий ўрта таълим мактабларини қамраб олди.
“Жонажон мактабимга китоб совға қиламан” акцияси доирасида мазкур таълим муассасаларига жами 100 дона бадиий, илмий-оммабоп ва маънавий-маърифий адабиётлардан иборат китоблар тўплами, ўқувчи ёшларга эса янги ўқув йили учун мактаб сумкалари ва ўқув анжомлари совға қилинди. Бу каби хайрли ишлар, аввало, ўқувчиларнинг таълим олиши учун зарур шароитларни янада яхшилаш, уларнинг мутолаага қизиқишини оширишга қаратилган.
Китобларнинг мактабларга етказиб берилиши ўқувчиларни мутолаага кенгроқ жалб этиш, уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва дунёқарашини бойитишда муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати етакчи мутахассиси Ҳулкар Жўраева ҳам бу борадаги ишларнинг аҳамиятини қайд этди.
– Ёш авлодга китоб совға қилиш, аввало, уларнинг билим олишга бўлган интилишини рағбатлантиришдир. Мактаб кутубхоналаридаги адабиётлар фонди қанчалик бой бўлса, ўқувчиларнинг турли мавзуларга қизиқиши, мустақил изланиши ва фикрлаш доираси ҳам шунчалик кенгаяди. Шу маънода, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси томонидан илгари сурилган ушбу акция нафақат мактаб кутубхоналарини янги адабиётлар билан тўлдириш, балки ёшлар қалбида китобга меҳр уйғотишга туртки бераётгани билан аҳамиятли. Зеро, китоб инсон тафаккури ва маънавий дунёсини юксалтиришнинг муҳим воситаларидан биридир. Ёшларга китоб улашиш эса уларнинг илм-маърифатга бўлган қизиқишини кучайтириш, қобилиятини шакллантириш ва келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади, – деди Ҳ.Жўраева.
Дарҳақиқат, ёшларнинг китобхонликка қизиқишини кучайтириш ва уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги бундай эзгу ишлар муҳим аҳамиятга эга. “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг мазкур саъй-ҳаракатлари ёшлар таълими ва тарбиясига эътиборни янада кучайтириш, китобхонлик муҳитини шакллантириш ҳамда уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун зарур шароитларни яхшилашга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА