Ўзбекистонлик пара сузувчи Осиё рекордини янгилади
Японияда ўтаётган V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари навбатдаги медалларни қўлга киритди. Бу гал пара сузиш, пара велоспорт ва пара пауэрлифтинг баҳсларида ҳамюртларимиз шоҳсупага кўтарилди.
V Параосиё ўйинларининг пара сузиш бўйича эркаклар ўртасидаги S13 классида 200 метрга комплекс усулда сузишда Егор Болотов 2:12.97 натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва Осиё рекордини янгилади. Дмитрий Хорлин эса 2:19.91 натижа билан иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди.
Пара велоспортнинг шоссе йўналишида эркаклар ўртасида C4–5 классидаги гуруҳ пойгасида Азимбек Абдуллаев 1:48.55 натижа билан маррага етиб келиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Пара пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасидаги жамоавий баҳсда эса Рўза Қўзиева, Рухшона Ўктамова ва Қудратой Тошпўлатовадан иборат Ўзбекистон жамоаси 303,09 натижа қайд этиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 43 та олтин, 47 та кумуш ва 48 та бронза, жами 138 тага етди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА