Ўзбекистонга қандай дарахтлар керак?
Иккинчи мақола
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги академик Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи Дендрология лабораторияси мудири, биология фанлари бўйича фалсафа доктори Собитжон Носиров билан суҳбатимизнинг биринчи қисмида ўсимликлар экологияси, дарахт турларини тўғри танлаш ва «Яшил макон» лойиҳасида кўчатларни асраб қолиш масалалари ҳақида сўз юритган эдик.
Суҳбатнинг давомида эса сув танқислиги шароитида қайси дарахт ва ўсимликларга кўпроқ эътибор қаратиш, шунингдек, экилган кўчатларнинг тутиб кетиши учун дастлабки йилларда қандай парвариш зарурлиги ҳақида фикрлашамиз.
—Ўзбекистонда сув танқислиги кучайиб бораётган бир пайтда, келажакда қандай дарахт ва ўсимликларга кўпроқ эътибор бериш керак? Сувни кам талаб қиладиган, иссиқ ва совуққа чидамли маҳаллий турлар етарлими?
—Ўзбекистон флорасида қурғоқчиликка, юқори ҳароратга ва айрим ноқулай тупроқ шароитларига мослашган ўсимликлар кўп. Айниқса, чўл, адир ва тоғолди минтақалари флорасида бундай турлар учрайди. Лекин уларнинг барчасини бир хил шароитда экиш ёки шаҳар кўкаламзорлаштириши учун бирдек тавсия қилиш мумкин эмас. Масалан, саксовул, қандим, юлғун каби ўсимликлар табиий чўл экотизимларида жуда муҳим ўрин тутади. Улар қумларни мустаҳкамлаш, тупроқни шамол эрозиясидан ҳимоя қилиш ва табиий ўсимлик қопламини шакллантиришга хизмат қилади.
Бироқ саксовулни шаҳар боғларида кенг соя берадиган манзарали дарахт ўрнида қўллаш тўғри бўлмайди. Чунки ҳар бир ўсимликнинг табиий шакли, ўсиш хусусияти ва бажарадиган экологик вазифаси турлича. Аҳоли яшаш пунктларида эса жийда, тут, айрим қайрағоч турлари, тегишли тупроқ ва сув шароити мавжуд бўлганда бошқа маҳаллий дарахтлардан фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, писта ва бодом каби ўсимликларни ҳамма жойга эмас, балки уларнинг экологик талабларига мос ҳудудларга жойлаштириш зарур. Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Қурғоқчиликка чидамлилик, шўрланишга чидамлилик ва совуққа чидамлилик бир хил хусусият эмас. Бир ўсимлик сув танқислигига бардош бериши мумкин, аммо тупроқда туз миқдори ошса, унинг ривожланиши кескин ёмонлашади. Шунинг учун ҳар бир турни бир нечта экологик омил бўйича баҳолаш лозим.
Биз фақат маҳаллий флора билан чекланиб қолмаслигимиз ҳам керак. Чунки Ўзбекистонга турли даврларда олиб келинган, кўп йиллар давомида маҳаллий шароитга мослашган ва интродукция синовларидан ўтган дарахт ҳамда буталар ҳам мавжуд.
Бу борада Тошкент ботаника боғи коллекциялари катта илмий аҳамиятга эга. Ботаника боғининг илмий-амалий дастурида мавжуд дарахт ва буталар коллекцияларини сақлаш, истиқболли турларни интродукция қилиш, камёб ва йўқолиб бориш хавфи мавжуд турларни кўпайтириш, шунингдек, коллекцияларда битта ёки кам сонли намунаси қолган ўсимликларни генератив ва вегетатив усулларда кўпайтириш ишлари белгиланган. Бу ишларнинг муҳим томони шундаки, биз фақат янги турларни олиб келиш билан чекланмаймиз. Аввало, мавжуд коллекцияларнинг генофондини сақлаш, қимматли турларни йўқотмаслик ва уларнинг кўпайтириш технологияларини ишлаб чиқишга эътибор қаратишимиз керак.
Масалан, айрим дарахт турлари уруғ орқали яхши кўпаяди, бошқаларида эса қаламча орқали кўпайтириш самарали бўлиши мумкин. Бу хусусиятларни ўрганиш истиқболли турларни кўчатхоналарда кўпайтириш ва кейинчалик амалиётга тавсия этиш имконини беради.
Менимча, келажакда бизга фақат кам сув талаб қиладиган дарахтлар рўйхати эмас, балки уларни қайси ҳудудда, қандай тупроқда, қандай суғориш тизимида ва қандай агротехника асосида етиштириш мумкинлиги кўрсатилган илмий тавсиялар зарур.
Бунинг учун маҳаллий флора имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бирга, ботаника боғларидаги интродукция тадқиқотларини ҳам давом эттириш керак.
— Дарахтни экишдан кейин камида уч йил парваришлаш таклиф этилмоқда. Илмий нуқтаи назардан, кўчатнинг тутиб кетиши учун дастлабки йилларда қандай парвариш энг муҳим?
— Дарахт кўчатининг яшаб қолиши ва кейинги ривожланиши учун дастлабки йиллардаги парвариш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки бу даврда ўсимлик янги муҳитга мослашади, илдиз тизими ривожланади ва тупроқдан сув ҳамда озуқа моддаларини ўзлаштириш имконияти кенгаяди. Айниқса, биринчи йил энг масъулиятли давр ҳисобланади.
Кўчат кўчатхонадан доимий ўсиш жойига ўтказилганда, унинг илдиз тизимида маълум даражада ўзгариш юз беради. Яланғоч илдизли кўчатларда майда илдизларнинг бир қисми йўқотилиши мумкин. Контейнерда етиштирилган кўчатларда эса илдизларнинг ҳолати, илдиз тўпининг сифати ва тўғри экилиши муҳим. Шу сабабли биринчи йилда кўчатнинг сувга бўлган эҳтиёжини тўғри таъминлаш зарур.
Бироқ суғориш масаласида ҳам ягона меъёрни барча дарахтларга қўллаш нотўғри. Чунки сувга бўлган талаб дарахт тури, ёши, кўчатнинг катталиги, тупроқ хусусиятлари ва мавсумий об-ҳавога боғлиқ. Масалан, қумли тупроқларда сув тез сингиб, намлик нисбатан тез камаяди. Оғир гилли тупроқларда эса намлик узоқроқ сақланади. Шунинг учун суғориш даврийлиги ҳам турлича бўлиши керак.
Иккинчи муҳим масала — тупроқнинг ҳолати. Кўчат атрофидаги тупроқ ҳаддан ташқари зичлашган бўлса, илдизларнинг ривожланиши ва ҳаво алмашинуви қийинлашади. Шунингдек, бегона ўтлар кўчат билан сув ва озуқа моддалари учун рақобатлашади. Бундай шароитда тупроқни эҳтиёткорлик билан юмшатиш, бегона ўтларни назорат қилиш ва мульчалаш яхши натижа бериши мумкин.
Иккинчи йилда кўчатнинг ўсиш хусусиятларига кўпроқ эътибор қаратиш керак. Бу даврда янги новдаларнинг шаклланиши, йиллик ўсиш, баргларнинг ҳолати ва илдиз тизимининг ривожланиши муҳим кўрсаткичлар ҳисобланади. Агар дарахтнинг ўсиши секинлашса, барглари майдалашса ёки муддатидан олдин сарғайса, бу сув танқислиги, тупроқ шароити, озуқа элементлари етишмаслиги, касаллик ёки бошқа омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин бундай белгиларга қараб дарҳол якуний хулоса чиқариш тўғри эмас. Чунки бир хил ташқи белги турли сабаблар натижасида пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун дарахтнинг умумий ҳолати ва ўсиш муҳитини биргаликда баҳолаш лозим.
Учинчи йилда кўчатнинг янги муҳитга мослашиш даражаси аниқроқ намоён бўлади. Илдиз тизими яхши ривожланган айрим дарахтларда суғориш даврийлигини босқичма-босқич камайтириш мумкин.
Бироқ уч йил ўтгандан кейин дарахт умуман парвариш талаб қилмайди, деган фикр ҳам нотўғри. Айниқса, Ўзбекистоннинг иссиқ ва қуруқ шаҳар шароитида катта ёшли дарахтлар ҳам муайян даврларда суғориш ва санитар парваришга муҳтож бўлади. Бу жараёнда мониторингнинг аҳамияти катта. Масалан, кўчатнинг биринчи йилда сақланиб қолгани унинг тўлиқ мослашганини англатмайди. У иккинчи ёки учинчи йилда ҳам ташқи муҳит таъсирида заифлашиши мумкин.
Шунинг учун кўчатларнинг яшовчанлиги билан бир қаторда уларнинг ўсиш кўрсаткичлари, барг ва новдалар ҳолати, касаллик ва зараркунандалар билан зарарланиши ҳам мунтазам ўрганилиши зарур. Бизнинг дендрологик тадқиқотларимизда ҳам дарахт ва буталарнинг биоэкологик хусусиятларини баҳолаш, касаллик ва зараркунандаларни аниқлаш, уларнинг ўсиш ва ривожланишини кузатиш муҳим йўналишлардан ҳисобланади.
Уч йиллик парваришни фақат суғориш билан чеклаш тўғри эмас. Бу даврда кўчатнинг ўсишини назорат қилиш, тупроқ шароитини яхшилаш, зарарли организмлардан ҳимоялаш ва унинг янги муҳитга мослашишини таъминлаш асосий вазифа бўлиши керак.
— Агар «Яшил макон»ни ҳақиқий экологик натижага айлантиришни истасак, бугун нимани ўзгартиришимиз керак: кўчат танлашни, суғоришни, парваришни ёки умуман кўкаламзорлаштиришга бўлган ёндашувни?
— Мен бу саволга кўкаламзорлаштиришга бўлган ёндашувни ўзгартиришимиз керак, деб жавоб берган бўлардим. Чунки кўчат танлаш, уни экиш, суғориш ва парваришлаш алоҳида-алоҳида эмас, балки бир-бири билан боғлиқ жараёнлардир.
Агар биз дарахт турини тўғри танласак-у, лекин суғоришни ташкил этмасак, кутилган натижага эришмаймиз. Ёки суғориш имконияти яхши бўлса-ю, кўчат сифати паст ёки тупроқ шароити мос келмаса, бу ҳам дарахтнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун кўкаламзорлаштириш ишлари дастлабки экологик баҳолашдан бошланиши керак.
Аввало, майдоннинг тупроқ хусусиятлари, сув таъминоти, иқлим шароити, мавжуд дарахтлар ҳолати ва келгусидаги фойдаланиш мақсади аниқланади. Шундан кейин эса ўша ҳудудга мос дарахт ва буталар танланиши лозим. Масалан, аҳоли дам оладиган боғлар, йўл бўйлари, саноат корхоналари атрофи, мактаб ва шифохона ҳудудлари учун дарахт танлаш мезонлари бир хил бўлмаслиги мумкин.
Боғ ва сайр йўлакларида соя ҳосил қилиш, микроиқлимни яхшилаш ва манзаравийлик муҳим бўлса, саноат ҳудудларида чанг ва газлар таъсирига нисбатан чидамлилик, йўл бўйларида эса тупроқ зичлашиши ва бошқа шаҳар стресс омилларига бардошлилик ҳам катта аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим масала — мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш. Баъзан кўкаламзорлаштириш деганда асосан янги кўчат экиш тушунилади. Аслида эса мавжуд катта ёшли дарахтларни муҳофаза қилиш ҳам шу жараённинг ажралмас қисми ҳисобланади. Масалан, бир неча ўн йил давомида шаклланган дарахтнинг кенг шох-шаббаси, сояси ва экологик вазифасини янги экилган кичик кўчат қисқа вақт ичида тўлиқ бажара олмайди.
Йирик дарахтлар шаҳар муҳитида соя ҳосил қилади, атрофдаги юзаларнинг ортиқча қизишини камайтиради, айрим ҳаво ифлослантирувчиларини ушлаб қолишда иштирок этади ва кўплаб тирик организмлар учун яшаш муҳити яратади. Шунинг учун биз янги кўчат экиш билан бир вақтда мавжуд дарахтларнинг санитар ва ҳаётий ҳолатини ҳам мунтазам баҳолаб боришимиз керак.
Яна бир йўналиш — илмий маълумотларни рақамлаштириш. Ҳозирги кунда географик ахборот тизимлари ва электрон маълумотлар базалари орқали дарахтларнинг жойлашуви, тури, ёши, ўсиш кўрсаткичлари ва санитар ҳолати бўйича маълумотларни бир тизимга келтириш имконияти мавжуд.
Бундай маълумотлар асосида қайси ҳудудларда дарахтлар яхши ривожланаётганини, қаерларда қуриш ёки касалланиш ҳолатлари кўпроқ учраётганини ҳамда қандай парвариш тадбирлари зарурлигини аниқлаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги ПФ-206-сон Фармони ҳам кўкаламзорлаштиришга илмий ёндашувни кучайтириш, дарахтларни сақлаш, кўчатларнинг яшовчанлигини ошириш ва рақамли мониторингни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Фармонда назарда тутилган «3–30–300» тамойили ҳам эътиборга молик. У ҳар бир аҳоли учун учта дарахт, ҳудудда 30 фоиз дарахт сояси ва 300 метр атрофида яшил ҳудуд мавжуд бўлишини таъминлашга қаратилган. Бу ерда дарахтнинг соя ҳосил қилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим. Чунки кўчат сонининг ўзи аҳоли учун қанчалик қулай яшил муҳит яратилганини тўлиқ ифодаламайди.
Масалан, минглаб ёш кўчат экилган майдон билан йирик, соғлом дарахтлар шаклланган сояли ҳудуднинг экологик ва ижтимоий аҳамияти бир хил эмас. Шунинг учун келгусида кўкаламзорлаштириш натижаларини баҳолашда кўчатлар сони билан бир қаторда уларнинг сақланиш даражаси, дарахтлар сояси билан қопланган майдон, тур таркиби, санитар ҳолати ва аҳоли учун яратилаётган қулай муҳит ҳам ҳисобга олиниши керак.
Менимча, бугун биз учун энг муҳим вазифа — кўчат экиш билан чекланмасдан, унинг кейинги ривожланиши учун масъулиятни ҳам таъминлаш. Чунки ҳар бир дарахтнинг ўсиб вояга етиши учун йиллар талаб этилади. Унинг қуриб қолиши эса нафақат кўчат ёки сарфланган маблағнинг йўқотилиши, балки келгусида шаклланиши мумкин бўлган экологик имкониятнинг ҳам бой берилишидир.
Шу маънода «Яшил макон»нинг ҳақиқий натижаси фақат қанча кўчат экилгани билан эмас, балки уларнинг қанчаси яшаб қолгани, қандай ривожлангани ва атроф-муҳитга қанчалик фойда келтираётгани билан баҳоланиши керак.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.