“Ўзбекистондадир бахтим, иқболим” номли дўстлик мушоираси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган мушоира мамлакатимизда давом этаётган Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган ҳафталик доирасида бўлиб ўтди.
Мазкур адабий тадбир юртимизда қарор топган миллатлараро тотувлик, халқлар дўстлиги ва адабий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, турли миллат вакиллари бўлган ижодкорларнинг адабиёт ва санъат орқали муштарак қадриятларини намоён этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Иштирокчилар дастлаб Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган адибларнинг турли тилларда нашр этилган китоблари кўргазмаси билан танишдилар.
“Ўзбекистон – бағрикенг диёр” деб номланган ушбу китоблар кўргазмасида турли миллат вакиллари қаламига мансуб бадиий асарлар, шеърий тўпламлар ва таржима китоблари намойиш этилди. Кўргазма мамлакатимиз адабий муҳитининг ранг-баранглиги, ижодий ҳамкорлик кўлами ва кўп тилли адабиётимизнинг бой имкониятларини яққол намоён этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг кўп асрлик бағрикенглик анъаналари, юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида қарор топган дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳити ҳақида сўз юритди. Таъкидланганидек, мамлакат тараққиёти, унинг халқаро майдондаги нуфузи, аввало, жамиятдаги тинчлик-осойишталик ва миллатлараро тотувлик билан чамбарчас боғлиқдир. Дарҳақиқат, қадимий Мовароуннаҳр азалдан турли миллат ва элатлар аҳил-иноқ яшаб келган, маданиятлар бир-бирини бойитган, дўстлик ва бағрикенглик қадриятлари юксак эъзозланган замин ҳисобланади. Бугун ҳам Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ягона Ватан равнақи йўлида бирлашиб, мамлакатимиз ижтимоий, маънавий ва маданий ҳаётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Мушоирада миллий адабиёт тушунчаси фақат муайян бир тил ёки миллат доираси билан чекланмаслиги, балки шу заминда яшаб, ижод қилаётган барча халқлар вакилларининг бадиий тафаккури, ижодий изланишлари ва маънавий меросини қамраб олиши алоҳида эътироф этилди. Тожик, қозоқ, қорақалпоқ, рус ва бошқа тилларда ижод қилаётган Ўзбекистонлик шоир ва ёзувчилар асарлари мамлакатимиз адабий хазинасининг узвий қисми экани таъкидланди. Шу ўринда Садриддин Айний, Фотеҳ Ниёзий, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов, Зоя Туманова, Александр Файнберг, Явдот Илёсов каби атоқли ижодкорларнинг бой адабий мероси ёдга олинди. Уларнинг ижоди халқлар ўртасидаги маънавий кўприк, дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.
Бугунги кунда ҳам ўз она тилларида ижод қилиб, ягона Ватанимиз — Ўзбекистонни куйлаётган шоир ва ёзувчилар сафининг кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Кенгесбой Каримов, Владимир Фетисов, Галина Долгая, Ойсулув Ахан қизи, Қалдибек Сейданов, Бахтиёр Генжамурод, Паймон, Абдулло Субҳон, Наталя Белоедова, Сапарбек Иманбеков, Абдулла Эргашев, Рифат Гумеров, Маъмуржон Бозоралиев ва бошқа ижодкорларнинг асарлари Янги Ўзбекистон маданий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Дўстлик мушоирасида янграган шеърлар, самимий фикрлар ва адабий мулоқотлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Тиллар турлича бўлиши мумкин, аммо қалбларни бирлаштирадиган туйғулар муштаракдир. Ватанга муҳаббат, инсон қадри, тинчлик, дўстлик ва эзгулик барча халқлар учун бирдек азиз қадриятлардир.
“Ўзбекистондадир бахтим, иқболим” мушоираси ана шу улуғ ғояларни адабиёт ва шеърият тилида тараннум этган, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим маънавий-маърифий тадбир сифатида ёдда қолди.
Н.Усмонова,
ЎзА