Ўзбекистонда ёшлар билан гаплашиш формати ўзгаргани – муҳим жиҳат
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг XII Ёш парламент аъзолари бутунжаҳон конференцияси дунёнинг ёш парламентарийлари учун катта сиёсий мулоқот майдонига айланди. Мазкур анжуман ёшлар овозини бирлаштириш, глобал қарорлар қабул қилишда уларнинг иштирокини кенгайтириш, парламент дипломатиясининг янги имкониятларини намоён этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Отабек Собитов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Самарқандда дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёш парламентарийларнинг бир майдонда жам бўлгани биз учун оддий халқаро тадбир эмас. Мен буни, энг аввало, ёшларнинг фикри ва позицияси глобал сиёсатда тобора муҳим ўрин эгаллаётганининг белгиси деб биламан. Ҳозирги авлод дунёда нималар бўлаётганини четдан кузатиб турадиган авлод эмас. Биз урушлар, иқлим ўзгариши, иқтисодий тенгсизлик, рақамли хавфсизлик, таълим ва бандлик билан боғлиқ муаммоларнинг оқибатини бевосита ҳис қиляпмиз. Шунинг учун бу масалалар бўйича ёшларнинг ўз қараши, ўз таклифи ва энг муҳими, қарорлар қабул қилинадиган жойларда ўз овози бўлиши керак.
Президентимизнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригида дунё бўйлаб 500 миллиондан зиёд болалар ва ёшлар қуролли можаролар ҳудудида яшаётгани қайд этилди. Бу рақамнинг ўзиёқ бугунги вазият қанчалик жиддий эканини кўрсатади. Биз тинч ва осойишта юртда таълим олаётган, ишлаётган, ўз келажагимизни режалаштираётган бир пайтда, тенгдошларимизнинг катта қисми оддий хавфсизлик, мактабга бориш ёки келажак ҳақида ўйлаш имкониятидан маҳрум.
Шу сабабли инсон ҳуқуқлари ва қадр-қиммати ҳақида гапирганда, уни фақат халқаро ҳужжатлардаги тушунча сифатида эмас, ҳар бир ёшнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ масала сифатида кўришимиз керак.
Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг мен учун энг муҳим жиҳатларидан бири — ёшлар билан гаплашиш формати ўзгаргани. Бугун ёшлар фақат тайёр қарорни эшитадиган аудитория эмас. Уларнинг муаммоси ўрганилади, ташаббуси муҳокама қилинади, айрим таклифлари давлат дастурлари ва қонунчилик ташаббусларига айланмоқда.
Ёшлар парламентлари ҳам шу жараённинг бир қисмидир. 2024 йилги сайловларда 200 га яқин ёшнинг вакиллик органлари аъзоси этиб сайлангани муҳим сигнал. Бу ёшлар учун эшиклар очилаётганини кўрсатади, лекин энди бизнинг вазифамиз бу ишончни натижа билан оқлаш. Ёш депутат ёки ёш парламентарий деганда фақат ёшига кўра янги кадр эмас, янги фикрлаш, тезкорлик, очиқлик ва замонавий муаммоларни ҳис қиладиган вакил тушунилиши керак. Биз ёшлар муаммосини фақат ёшлар тадбирларида эмас, бюджет, бандлик, экология, рақамлаштириш, таълим ва ҳудудларни ривожлантириш масалаларида ҳам кўтара олишимиз зарур.
Самарқанд конференцияси турли давлатлардаги тенгдошларимиз билан қонунчилик ташаббуслари, парламент назорати ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлайдиган доимий тармоқ шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА