Ўзбекистон ташаббуслари ШҲТ маконида муштарак тараққиётни таъминлашга хизмат қилади
Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилиши ташкилотнинг 25 йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиш баробарида, келгусидаги долзарб ва устувор вазифаларни белгилаб олишга хизмат қилди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Покиза Аҳмаджонова шу ҳақда муносабат билдирди:
– ШҲТ ўтган йиллар давомида салмоқли тараққиёт йўлини босиб ўтиб, бугун Евроосиёда сиёсий мулоқот, ўзаро ишонч ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган нуфузли халқаро минбарга айланди.
Ташкилот таркибининг кенгайиши, унинг механизмлари ривожланиши ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари пайдо бўлиши ШҲТнинг минтақавий ва халқаро тараққиётнинг долзарб масалаларини ҳал этишдаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон ШҲТ ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб унинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликпарвар ҳамкорлик платформаси сифатида мустаҳкамланишини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Мамлакатимиз 2003-2004, 2009-2010, 2015-2016 ва 2021-2022 йилларда унга раислик қилди. Айниқса, ташкилот тарихида 2016 йилги Тошкент саммити алоҳида ўрин тутади. Зеро, унда эришилган келишувлар ташкилотнинг географик қамрови ва халқаро нуфузини янада кенгайтиришга хизмат қилди.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббускорлик йўлига ўтди. 2017-2025 йиллар мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновацион ва бошқа соҳаларда 118 ташаббус илгари сурилди. Бу эса мамлакатимизнинг ШҲТ доирасидаги фаол ва конструктив ўрнини янада мустаҳкамлади.
Ташкилот ривожида 2022 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтган саммит алоҳида ўрин тутади. Чунки унинг якунлари бўйича рекорд даражадаги – 44 ҳужжат қабул қилинди. Улар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш, саноат кооперацияси, энергетика, рақамлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бошқа устувор йўналишлардаги шерикликни янги босқичга олиб чиқишга замин яратди.
Президентимизнинг шу йил 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштироки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол, ташаббускор ва конструктив позициясини яна бир бор яққол намоён этди.
Давлатимиз раҳбари ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларга эътибор қаратиб, ташкилотнинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилашга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Масалан, “ШҲТ - 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқиш таклифи умумий тараққиёт учун янги имкониятлар яратиш ва аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини муштарак мақсадлар атрофида бирлаштиришга хизмат қилади. Яъни бу ерда гап тармоқ дастурлар мажмуидан инвестициялар, технологиялар ва билимлар ҳаракати, қўшма ишлаб чиқаришлар ҳамда ҳудудлар ва бизнеснинг тўғридан-тўғри алоқалари мавжуд бўлган ўзаро боғлиқ маконнинг умумий моделига ўтиш ҳақида кетмоқда.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган энг муҳим амалий ташаббуслардан яна бири – ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини яратиш бўлди. Ушбу механизм ташкилотнинг улкан географик ва иқтисодий кўламини қандай қилиб реал трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирларига айлантириб, ишбилармонлар, инвесторлар, давлат тузилмалари учун яратилган ягона универсал рақамли дарчада махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистика тизимини бирлаштиради. Бу эса улар учун янги лойиҳаларни шакллантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга имкон беради.
Бишкек саммитида давлатимиз раҳбари йиғилганлар эътиборини ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга туширишга чақирди. Бу ташкилот учун қанчалик муҳим? ШҲТда транспорт, энергетика ва рақамли соҳаларга оид ғоялар кўп, бироқ уларни молиялаштириладиган лойиҳаларнинг тайёр портфелига айлантирадиган ўз механизми йўқ. Банклараро бирлашма банклар фаолиятини мувофиқлаштиради, лекин ягона экспертиза, биргаликда молиялаштириш ва назорат мезонларига эга бўлган тараққиёт институтининг ўрнини боса олмайди. Банк, биринчи навбатда, фойда ва хатарлари бир нечта давлат ўртасида тақсимланадиган кўп томонлама лойиҳалар учун айнан шу институционал бўшлиқни тўлдириши мумкин.
Бугун иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал хавф-хатарлар озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатаётган энг долзарб муаммолардан бирига айланди. Бундай шароитда ушбу йўналишларни бир-биридан алоҳида эмас, балки ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳолда кўриб чиқиш, ШҲТ маконида ягона ва мувофиқлаштирилган кун тартибини шакллантириш ҳаётий заруратга айланмоқда.
Ушбу жараёнда ШҲТнинг комплекс дастурларни, технологиялар ва илғор билимлар алмашинувини мувофиқлаштирадиган ихтисослашган механизмини ташкил этиш муҳим амалий қадам бўлади. 2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва умумий хавф-хатарларга биргаликда самарали ечим топишга хизмат қилади. Зотан, бугунги мураккаб экологик шароитда барқарор тараққиётга фақат ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик орқали эришиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Бишкек саммитида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ўзаро ишонч, тинчлик ва муштарак тараққиётни таъминлашга қаратилган изчил сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА