Ўзбекистонда хотин-қизлар иқтисодий фаоллиги бўйича янги прогноз эълон қилинди
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур йўналишда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш механизмларини такомиллаштириш мақсадида комплекс тадқиқот амалга оширилди.
Тадқиқотда мамлакатдаги демографик жараёнлар, меҳнат бозори кўрсаткичлари, таълим имкониятлари ва хотин-қизлар бандлигига таъсир этувчи омиллар ўзаро боғлиқ ҳолда таҳлил қилинди.
Институт олимлари томонидан 2010–2025 йиллардаги статистик маълумотлар асосида эконометрик прогноз баҳолашлари амалга оширилди.
Таҳлилда иқтисодий фаол хотин-қизлар сони асосий натижавий кўрсаткич сифатида олиниб, аёлларнинг ўртача ёши, ишсизлар сони ҳамда олий таълим ташкилотлари сони асосий таъсир этувчи омиллар сифатида танланди.
Илмий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда иқтисодий фаол хотин-қизлар сони 2026 йилдаги 6 миллион 970 минг нафардан 2030 йилга келиб 7 миллион 300 минг нафарга етиши кутилмоқда. Беш йил давомида мазкур кўрсаткич 330 минг нафарга ёки 4,7 фоизга ошиши прогноз қилинган.
Таҳлил натижалари иқтисодий фаол хотин-қизлар сонининг ўсиши, аввало, демографик жараёнлар ҳисобига таъминланишини кўрсатди. Шу билан бирга, мазкур ўсишни муносиб меҳнат шароитлари яратиш, сифатли бандликни таъминлаш, барқарор даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Институт томонидан ишлаб чиқилган мазкур илмий прогноз меҳнат бозори ва гендер сиёсатидаги устувор йўналишларни белгилаш, манзилли дастурлар самарадорлигини ошириш ҳамда асосланган бошқарув қарорларини қабул қилишда муҳим таҳлилий манба бўлиб хизмат қилади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА