Ўзбекистон ва Озарбайжон нефть-газ соҳасидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштиради
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Бу масалалар Бокуда Ўзбекистон энергетика вазири Шерзод Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Озарбайжоннинг “SOCAR” компанияси президенти Ровшан Наджаф иштирокидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида жорий йил 23-24 август кунлари икки давлат президентлари иштирокида ўтказилган учрашувларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Давлат раҳбарларининг дўстона ташаббусларини амалий натижалар билан бойитиш, энергетика соҳасидаги келишувларни аниқ лойиҳаларга айлантириш муҳимлиги қайд этилди. Август ойида имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини янги босқичга олиб чиққан муҳим ҳужжат сифатида баҳоланди.
Учрашувда “SOCAR” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Устюртдаги инвестиция блокларида олиб борилаётган геологик-қидирув ишларининг жорий ҳолати, уларни жадаллаштириш имкониятлари ва кейинги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, “SOCAR” ва Ўзбекистон компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Нефтни қайта ишлаш қувватларини барпо этиш, нефть хомашёси ҳамда нефть маҳсулотлари импортини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, музокаралар якунида мазкур йўналишлардаги лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва ишларни бажариш суръатлари кўриб чиқилди. Келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш бўйича кейинги амалий қадамлар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА