Ўзбекистонда халқаро "CanSat-2026" лойиҳасининг финал босқичи ўтказилмоқда
Ўзбекистонда халқаро "CanSat-2026" лойиҳаси бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 16–21 октябрь кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ташкил этилган дастур ёшларга космик технологиялар бўйича билим олиш, ўз қурилмаларини яратиш ва уларни ҳақиқий парвоз шароитида синовдан ўтказиш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фазо тадқиқотлари ва технологиялари агентлиги — «Ўзбеккосмос» томонидан Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ҳамкорлигида ташкил этилган лойиҳа 15 давлатдан 50 нафар ёш муҳандис ҳамда 100 нафардан зиёд ўзбекистонлик талабани бирлаштирди. Халқаро дастур иштирокчилари муҳандислик вазифалари устида ишлаб, ўзаро билим ва тажриба алмашмоқда.

Финал босқичига қадар иштирокчилар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида назарий ва амалий машғулотларда қатнашди. Улар қурилмаларни лойиҳалаш, электрон қисмларни бирлаштириш, датчикларни созлаш, дастурлаш ва синовдан ўтказиш устида иш олиб борди.
Машғулотлар давомида ҳар бир жамоа ўзининг CanSat қурилмасини тайёрлади. Бу жараён иштирокчилардан алоҳида техник билимларни ягона тизимга бирлаштириш, вазифаларни тўғри тақсимлаш ва юзага келган муаммоларга биргаликда ечим топишни талаб этди.

Бугун, 21 октябрь куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Янги ҳаёт» аэродромида лойиҳанинг финал босқичи ўтказилмоқда. Унда жамоалар ўз қурилмаларини ракеталар ёрдамида учириб, тайёргарлик давомида ишлаб чиққан техник ечимларини амалда синовдан ўтказмоқда.
Айни дақиқаларда халқаро “CanSat-2026” лойиҳасининг финал босқичи давом этмоқда.
Нигора Раҳмонова,
Аслиддин Алижонов(сурат),
ЎзА