"CanSat-2026" ғолиблари тақдирланди (+видео)
Космик технологияларга қизиққан ёшлар ўз билим ва маҳоратини амалда синади. Ўзбекистон мезбонлик қилган халқаро "CanSat-2026" лойиҳаси якунланиб, энг яхши натижа кўрсатган жамоалар аниқланди.
16–21 октябрь кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган дастур 15 давлатдан 50 нафар ёш муҳандис ҳамда 100 нафардан зиёд ўзбекистонлик талабани бирлаштирди. Иштирокчилар қурилмаларни лойиҳалаш, электрон қисмларни бирлаштириш, сенсорларни созлаш ва дастурлаш бўйича билимларини мустаҳкамлаб, ўзлари яратган "CanSat" қурилмаларини парвоз шароитида синаб кўрдилар.
Лойиҳанинг финал босқичида жамоалар қурилмаларини ракета ёрдамида учирди. Бу орқали электрон тизимларнинг барқарорлиги, сенсорларнинг ўлчов олиши, маълумотларни узатиш ҳамда парашют ёрдамида ерга қайтиш механизмлари текширилди. Иштирокчилар назарий билимларини амалиётда қўллаб, техник ечимларини баҳолаш ва уларни такомиллаштириш бўйича тажриба орттирди.
Узкосмос агентлиги томонидан Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти —"ICESCO", "Uzum", "Sehriyo" ва "SkillBox" билан ҳамкорликда ташкил этилган лойиҳа ёшларнинг муҳандислик ва космик технологияларга қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда.
"CanSat" дастури Ўзбекистонда 2025 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Бу йилги халқаро босқич эса маҳаллий талабаларга хорижлик тенгдошлари билан бир майдонда билим ва маҳоратини синаш, тажриба алмашиш ҳамда янги техник ечимлар устида ишлаш имконини берди.
Бундай лойиҳалар ёшларни тайёр технологиялардан фойдаланиш билангина чекланмай, мустақил изланиш, ғоя яратиш ва уни амалда синашга ундайди. Қурилмани лойиҳалашдан тортиб, унинг парвоздаги натижаларини таҳлил қилишгача бўлган жараён эса келажак муҳандислари учун муҳим тажриба мактабидир.
Мусобақа якунида хорижий иштирокчилар ўртасида "NEBULA Team" биринчи, "Pegasus Team" иккинчи, "Skylab Team" учинчи ўринни эгаллади. Маҳаллий жамоалар ўртасида эса "Astro Nova" биринчи ўринга сазовор бўлди. Кейинги ўринларни Миллий университет жамоаси ва "Ал-Хоразмий" жамоаси қўлга киритди.
Ғолибларнинг натижалари ёшлар орасида илм-фан ва муҳандисликка қизиқишни рағбатлантириш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва космик технологиялар соҳасида янги ютуқларга замин яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Н. Раҳмонова, Д. Ёқубов (видео), С.Обиджонов (монтаж), ЎзА