Ўзбекистонда туркиялик мутахассислар иштирокида пилот реновация дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда
Туркия Республикасига амалга оширилган хизмат ташрифи доирасида Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Анқара шаҳрида Туркиянинг Уй-жой қурилиши давлат бошқармаси — TOKİ раҳбари Мустафа Сунғур билан музокара ўтказди.
Учрашувда аҳолини сифатли, хавфсиз ва ҳамёнбоп уй-жой билан таъминлаш, эскирган турар жой фондини реновация қилиш ҳамда шаҳарсозлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида Туркияда муваффақиятли қўлланиб келинаётган даромадларни тақсимлаш модели асосида уй-жой қуриш ва реновация ишларини ташкил этиш тажрибаси атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, мазкур тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш юзасидан фикр алмашилди.

TOKİ раҳбари Мустафа Сунғур Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси билан ҳамкорликда туркиялик мутахассислар иштирокида пилот реновация дастурини биргаликда ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирди.
Маълумот учун, Туркиянинг Уй-жой қурилиши давлат бошқармаси — TOKİ мамлакат аҳолисини, айниқса, эҳтиёжманд қатламларни замонавий, хавфсиз ва арзон ижтимоий уй-жойлар билан таъминлашга ихтисослашган давлат ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот фаолияти давомида 1,7 миллиондан ортиқ ижтимоий уй-жой фойдаланишга топширилган.

Учрашув якунида томонлар уй-жой қурилиши, реновация ва шаҳарсозлик соҳаларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА