Сув ресурсларини бошқариш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда
Тошкентда «Сув ва саломатлик масалалари бўйича Протокол доирасида Ўзбекистоннинг мақсадли кўрсаткичлари лойиҳасини кўриб чиқиш ва аниқлаштириш» мавзусида манфаатдор томонлар иштирокидаги иккинчи техник семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда БМТ Европа иқтисодий комиссияси – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросининг Сув ва саломатлик масалалари бўйича Протокол котибияти ҳамкорлигида, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) молиявий кўмагида ташкил этилди.
Маълумки, Ўзбекистон 2023 йил декабрь ойида Сув ва саломатлик масалалари бўйича Протоколга қўшилган Марказий Осиёдаги биринчи давлат ҳисобланади. Протоколнинг 6-моддасига мувофиқ мамлакат сув таъминоти, санитария, гигиена ва аҳоли саломатлиги соҳаларида тармоқлараро ҳамда комплекс мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ва белгилаш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган.
Семинардан кўзланган асосий мақсад мамлакат учун ишлаб чиқилган деярли якуний мақсадли кўрсаткичлар лойиҳасини муҳокама қилиш, уларни миллий устувор йўналишлар, халқаро мажбуриятлар ва барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлаштириш бўйича таклиф ва тавсияларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Семинарда тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат органлари, илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, халқаро молия институтлари, тараққиёт банклари ҳамда донор ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар мақсадли кўрсаткичлар лойиҳасининг аниқ ифодалари, индикаторлари, амалга ошириш муддатлари, молиялаштириш манбалари ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, сув ресурсларини барқарор бошқариш, ичимлик суви сифати, санитария ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари ўзаро боғлиқ ҳолда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, айни пайтда Ўзбекистон 2050 йилгача мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш, сув таъминоти, санитария ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларини қамраб олган комплекс миллий стратегик ҳужжатни ишлаб чиқмоқда. Шу боис, семинар доирасида мақсадли кўрсаткичларни мазкур стратегик ҳужжат билан уйғунлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунлари бўйича иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида мақсадли кўрсаткичлар лойиҳасини янада такомиллаштириш ҳамда уни белгиланган тартибда расмий тасдиқлаш учун тайёрлаш бўйича кейинги ишлар амалга оширилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА