Ўзбекистонда талабалар сони бир миллиондан ошиши кутилмоқда
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирда мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг сони 131 тага етди, ўқув бинолари коэффициенти 1,5 баробарни ташкил қилади. Иккинчи сменада таҳсил оладиган талабалар кўп.
2023-2024 ўқув йилига бориб талабалар сони 1 миллиондан ошиши кутилмоқда. ОТМлар сонининг ошиши талабалар қамровининг кўпайишига, бу эса ёшларимизга Президентимиз томонидан берилаётган имконият баробарида сифатли таълим кўрсатишда таълим муассасаларига қатор вазифаларни ҳам қўймоқда.
Янги ОТМлар очилиши билан малакали профессор-ўқитувчилар, янги жиҳозланган аудиториялар, талабалар турар жойларига эҳтиёж ҳам вужудга келади. Моддий-техник базани давлат ва олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига маълум бир муддатда мустаҳкамлаш мумкин.
Бугунги кунда республика миқёсида талабалар турар жойларида 160 минг ўринга эҳтиёж мавжуд. Барча ОТМларда янги талабалар турар жойларини қуриш, бунга давлат, ОТМларнинг ўзлари, тадбиркорлар ва бошқа иш берувчиларни жалб қилиш зарурати ҳақида Президентимиз томонидан 22 январь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида алоҳида топшириқ берилди.
ОТМларда сифатли овқатланишни йўлга қўйиш, муассаса ҳудуди ва талабалар турар жойларида бепул WI-FI зоналарини кенгайтириш бўйича ишлар жадаллаштирилади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020/21-ўқув йили бошига республикамиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 571,5 мингтани ташкил этган.
Шундан, талаба йигитлар – 311,5 минг нафарни ташкил этса, талаба қизларнинг сони 260 минг нафарга тенг. 127 та олий таълим муассасаларининг 88 тасида талабалар учун ётоқхоналар мавжуд.
Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой АБДУВОИТОВ (сурат), ЎзА