Ўзбекистонда сувни тежаш алоҳида ташаббусдан кенг тизимга айланди
Сув — қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил, озиқ-овқат барқарорлиги ва минглаб оилалар даромадини таъминлайдиган асосий манба. Шу боис унинг ҳар бир томчисидан оқилона фойдаланиш Ўзбекистон учун ҳамиша муҳим аҳамиятга эга. Ушбу муҳим йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиликлардан хабардор бўлиш учун соҳа мутахассисларига мурожаат қилдик.
Бугун иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг кўпайиши ва сувга бўлган талабнинг ортиши бу масалани янада долзарб қилмоқда. Энди экин майдонларига кўпроқ сув етказиб бериш эмас, мавжуд сувдан тежамкорлик билан, аниқ ҳисоб-китоб ва замонавий усуллар асосида фойдаланиш талаб этилмоқда. Шу боис ҳам сўнгги йилларда мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида асосий эътибор сувдан самарали фойдаланиш, айниқса сув тежовчи технологияларни жорий этишга қаратиляпти. Соҳадаги ўзгаришлар, жорий қилинаётган янги технологиялар хусусида Сув хўжалиги вазирлигининг Сув тежайдиган технологияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Қулматов билан суҳбатлашдик.
- Айтинг-чи, сув тежовчи технологиялар республикамизда жорий этилганда қандай ҳолатда эди, ҳозирда нима ўзгарди?
- 2019 йилга қадар республикамизда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар 28 минг гектарни ташкил этарди. Ўша пайтда бундай ускуналарни ишлаб чиқарадиган бор-йўғи учта маҳаллий корхона фаолият юритган, маҳаллийлаштириш даражаси эса атига 10 фоиз эди. Технологияларнинг асосий қисми четдан келтирилгани сабабли уларнинг нархи ҳамма фермернинг ҳам қурби етадиган даражада эмасди.
Бундан ташқари, лойиҳани тўғри тайёрлайдиган муҳандислар, ускунани ўрнатадиган мутахассислар ва кейинчалик унга хизмат кўрсатадиган сервис тизими ҳам етарлича шаклланмаганди. Ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим хусусиятлари ҳар доим ҳам ҳисобга олинмас, фермер технологияни ўрнатганидан кейин ишлатишга қийналарди. Мақсади даромад топиш бўлган фермер сув тежовчи технологияларнинг фойдаларини билса-да, уни жорий этишга шошилмасди. Чунки, катта маблағ сарфлаб, кутилган натижани ололмаслик, таваккал қилиш ҳар томонлама хавфли эди.
Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлови билан аста-секин вазият ўзгара бошлади. Сув тежовчи технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини субсидиялаш тизими йўлга қўйилди. Кейинчалик имтиёзли кредитлар, солиқ енгилликлари, электр қуввати харажатларининг бир қисмини қоплаш ва сервис хизматини кафолатлаш каби қўшимча механизмлар жорий этилди.
Бунинг натижасида фермер учун янги технологияга ўтиш таваккалчилик эмас, аниқ ҳисоб-китобга асосланган иқтисодий қарорга айлана бошлади.
Амалдаги тартибга кўра, пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган хўжаликларга ҳар бир гектар учун 8 миллион сўмдан 16 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса бу миқдор 12 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача етади.
Ёмғирлатиб суғоришни жорий этганлар учун гектарига 8 миллион сўмдан 16 миллион сўмгача, дискрет суғориш учун эса 4 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача субсидия бериш белгиланган.
Сув тежовчи технологиялар ўрнатилган ер участкалари беш йилга ер солиғидан озод этилади ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда сув ҳисоблагич ўрнатилганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича 50 фоизлик имтиёз қўлланилади.
Махсус платформа орқали беш йил муддатга, шундан икки йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада кредит олиш имкони ҳам яратилди.
Албатта, ушбу енгилликлар фермернинг дастлабки харажатини камайтиради. Чунки томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш тизимини ўрнатиш фақат қувур ва шланг сотиб олишдан иборат эмас. Насос, фильтр, сув ҳавзаси, электр таъминоти, лойиҳалаш ва монтаж ишлари ҳам маблағ талаб қилади.
Яна бир муҳим жиҳат — технологияни ўрнатган пудрат ташкилоти камида икки йиллик кафолат ва беш йиллик сервис хизмати кўрсатиши шарт. Демак, ускуна ишдан чиқса ёки тизим кутилганидек ишламаса, фермер муаммони ёлғиз ҳал қилишга мажбур бўлмайди.
- Сув тежовчи технологияларни қўллашнинг энг афзал жиҳати нимада?
- Сув тежовчи технологияларнинг энг катта афзаллиги — сувни экинга керакли вақтда ва зарур миқдорда етказиб бериш имконидир.
Анъанавий суғоришда сув даланинг бир қисмига ортиқча тўпланиб, бошқа қисмига етиб бормаслиги мумкин. Томчилатиб суғоришда эса сув бевосита ўсимлик илдизига етказилади. Сув билан бирга минерал ўғитни ҳам аниқ меъёрда бериш мумкин.
Таҳлилларга кўра, бундай технологиялар сув сарфини 45–50 фоизгача, ёқилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғит харажатларини 25–35 фоизгача камайтирмоқда. Ҳосилдорлик эса 15–20 фоизгача ошмоқда.
Бу фермер учун бир вақтнинг ўзида бир нечта масаланинг ечилишини англатади. Камроқ сув сарфланади, насослар камроқ ишлайди, электр ёки ёқилғи харажати қисқаради. Ўғит сув билан бирга илдизга берилгани учун унинг ортиқча сарфи ҳам камаяди.
Ҳосилдорликнинг ошиши эса фермернинг ҳар гектардан оладиган даромадини кўпайтиради. Энг муҳими, сув кам келган йилларда ҳам экинни белгиланган меъёрда суғориш имкони сақланиб қолади. Бу хўжалик фаолиятининг барқарорлиги учун жуда муҳим.
Мисол учун, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Бахтиёр Неъмат Шавкатжон” фермер хўжалигини олайлик. Мазкур хўжаликда 237 гектар майдон мавжуд.
Хўжалик 2019 йилда дастлаб 10 гектар пахта майдонида томчилатиб суғоришни синаб кўрганди. Олинган натижа фермерни қониқтиргач, кейинги йилларда барча майдонлар босқичма-босқич сув тежовчи технологияга ўтказилди.
2025 йилда 24 гектар пахта майдонида Хитой технологияси асосида томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниб, биринчи теримнинг ўзида гектаридан 80 центнер ҳосил олинди. Илгари бу майдонларда ўртача ҳосилдорлик 25–30 центнерни ташкил этарди.
Яна бир мисол ,Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Луқмонов” фермер хўжалигида 147 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш жорий қилиниши натижасида гектаридан 55–60 центнер ҳосил олишга эришилди.
Бу рақамлар замонавий суғориш усулларининг самарасини кўрсатади. Фермерлар учун эса энг ишончли мисол — қўшни хўжаликдаги натижа. Сув сарфи камайиб, ҳосилдорлик ошганини кўрган бошқа хўжаликлар ҳам янги усулни қўллашга интилмоқда.
Қайд этиш лозимки, шу кунга қадар сув тежовчи технологияларни жорий этган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан 2.7 триллион сўм субсидия ажратилди. Шундан 1.7 триллион сўмдан ортиғи пахта майдонларида томчилатиб суғоришни жорий этган корхоналарга йўналтирилди.
- Сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқишда маҳаллий корхоналаримиз фаолми?
- Сув тежовчи технологиялар қамровининг кенгайиши фақат суғориш усулларини эмас, уларни ишлаб чиқариш бозорини ҳам ўзгартирди. Агар етти йил аввал бор-йўғи учта маҳаллий корхона ишлаган бўлса, бугун уларнинг сони 64 тага етган. Яъни ишлаб чиқарувчилар сони 20 баробардан зиёдга ортди.
Ўзгариш фақат корхоналар сонида эмас. Илгари маҳаллийлаштириш даражаси 10 фоизни, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5.5 минг гектарни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткичлар мос равишда 80 фоиз ва 250–300 минг гектарга етган. Демак, тармоқнинг йиллик қуввати қарийб 45–55 баробар ошган.
- Бу борада илм ва амалиёт уйғунлиги мавжудми?
- Албатта, сув тежовчи технологияни сотиб олиб, далага ўрнатиш билан иш тугамайди. Тизимни тўғри лойиҳалаш, сув босимини ҳисоблаш, фильтрларни ўз вақтида тозалаш, шлангларни мавсумга тайёрлаш ва экин турига қараб суғориш меъёрини белгилаш керак.
Шунинг учун ускуна билан бирга билим ва малака ҳам зарур.
Авваллари ушбу йўналишда ўн нафардан сал ортиқ мутахассис фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 5 минг нафардан зиёдни ташкил этмоқда. Ўттиз нафардан ортиқ тадқиқотчи сув тежовчи технологиялар бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.
Олий таълим муассасаларида “Сув тежамкор суғориш технологиялари” магистратура мутахассислиги ва “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” бакалавриат йўналиши ташкил этилди. Техникумларда эса сув тежовчи суғориш тизимларига хизмат кўрсатиш техниклари тайёрланмоқда.
- Сув тежовчи технологиялар татбиқ этилаётган майдонлар кенгайяптими?
- Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида республика бўйича сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар қарийб 1 миллион гектарга етди. Жумладан, айни пайтда 664 минг гектарда томчилатиб, 121 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет суғориш тизимлари қўлланилмоқда. Яна 107 минг гектарда бошқа турдаги сув тежовчи технологиялар жорий этилган.
Шу билан бирга, 1.6 миллион гектар майдон лазерли ускуналар ёрдамида текисланди. Ернинг текис бўлиши сувнинг дала бўйлаб бир хил тарқалишини таъминлаб, ортиқча сарф ва сув тўпланишининг олдини олади.
2026 йилнинг ўзида сув тежовчи технологиялар қамрови 331.8 минг гектарга кенгайди. Хусусан, 136 минг гектарда томчилатиб, 26.7 минг гектарда ёмғирлатиб, 12.1 минг гектарда дискрет ҳамда 157 минг гектарда бошқа турдаги технологиялар жорий қилинди. Бундан ташқари, 302.3 минг гектар майдон лазерли ускуналар билан текисланди.
Кейинги босқичда бу кўламни янада ошириш режалаштирилган. 2026–2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларни 3.5 миллион гектарга етказиш вазифаси белгиланган. Бу ҳозирги кўрсаткични қарийб 3.6 баробар оширишни англатади. Натижада ҳар йили 5 миллиард куб метр сувни тежаш мақсад қилинган.

Шу маънода, сув тежовчи технологияларни кенгайтириш сув сарфини камайтириш билангина чекланмайди. У ҳосил етиштириш барқарорлиги, фермерлар даромади ва мамлакат озиқ-овқат таъминотига бевосита таъсир қилувчи иқтисодий омилга айланмоқда.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида сув хўжалигидаги ўзгаришларга назар ташлар эканмиз, соҳа энди фақат сув етказиб бериш билан эмас, уни аниқ ҳисоб, замонавий технология ва иқтисодий самара асосида бошқаришга ўтилаётганини кўрамиз.
Энг муҳими, сувни тежаш энди алоҳида бир фермер хўжалигининг эмас, бутун мамлакатнинг манфаатига айланди. Чунки бугун тежалган ҳар бир куб метр сув эртага қўшимча ҳосил, сақлаб қолинган экин майдони ва барқарор озиқ-овқат таъминоти демакдир. Шу боис келгуси йиллардаги асосий мезон технологиялар неча гектарга ўрнатилгани эмас, улар амалда қанча сув ва маблағни тежаётгани билан белгиланади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА