Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган юридик хизматлар фаолияти йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) нинг юртимиздаги ваколатхонаси ўртасида “Ўзбекистонда сунъий интеллект асосида юридик хизматлар кўрсатиш муҳитини яратиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш” лойиҳаси бўйича муҳокама баённомаси имзоланди.
Имзолаш маросимида Адлия вазири Акбар Ташкулов, KOICAнинг ўлкамиздаги ваколатхонаси директори Шин Мёнг Сеоп, ТДЮУ ректори, профессор Бахшилло Хўжаев ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, 2026–2030 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 14,5 миллион долларни ташкил этади. Ташаббус республикамизда юридик хизматларни рақамли трансформация қилиш, шунингдек, рақамли ҳуқуқ соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Таъкидланишича, сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий этиш орқали фуқароларга кўрсатилаётган юридик хизмат сифатини ошириш, уларнинг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Адлия вазири Акбар Ташкулов ушбу лойиҳа шунчаки ҳужжат эмас, балки юридик хизматни янада замонавий, шаффоф ва фуқароларга хизмат қиладиган узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, адлия тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш стратегик аҳамиятга эга.
KOICA ваколатхонаси директори Шин Мёнг Сеоп лойиҳа Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг ҳуқуқий соҳада рақамли трансформацияга оид умумий мақсадларини ифода этишини билдириб, келгусида яратиладиган платформа қонунчилик, суд амалиёти ва илмий материалларни ягона тизимда бирлаштиришини айтди. Шунингдек, у сунъий интеллект асосида юридик маслаҳат бериш, ҳужжат тайёрлашда кўмаклашиш ва суд амалиётини таҳлил қилиш каби хизматлар йўлга қўйилишини маълум қилди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Бахшилло Хўжаев мазкур ташаббус юридик таълим тизимида янги босқични бошлаб беришини таъкидлади. Унга кўра, университет замонавий ҳуқуқий муҳит талабларига жавоб берадиган, рақамли кўникмалар ва касбий масъулиятга эга мутахассислар тайёрлашда фаол иштирок этади.
Лойиҳа доирасида аҳоли учун янада очиқ, инновацион ва замонавий юридик хизматлар муҳитини шакллантириш мақсад қилинган.
Д.Ҳакимов, ЎзА