Норин Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туманга айланмоқда
Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон қиёфаси”га эга 33 та намунавий туман ва шаҳар инфратузилма, бизнес имкониятлари ва яшил майдонлар билан ривожлантирилади.
Хусусан, Наманган вилоятининг Норин туманини ҳам аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун намунали ҳудудга айлантириш кўзда тутилган.
“Ҳудудгазтаъминот” акцидорлик жамияти ташаббуси билан ташкил этилган амалий семинар Норин туманида суюлтирилган газ таъминотини такомиллаштириш, мавжуд тажрибани ўрганиш ва уни бошқа ҳудудларда жорий этиш масалаларига бағишланди. Унда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Маъруфхон Хўжаев ҳамда соҳа мутасаддилари, "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали масъул ходимлари ҳамда “дуал таълим” йўналишида таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Семинар давомида жамият томонидан амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари, хусусан, “Face ID” тизимининг жорий этилиши, унинг натижасида шаффофлик таъминланиб, коррупцион ҳолатларнинг олди олинаётгани алоҳида таъкидланди.
Маълумки, мамлакатимиз раҳбари 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида Норин туманидаги собиқ Шўрариқ, яъни Янги Наманган маҳалласида бўлиб, бу ҳудуднинг бугунги Янги Ўзбекистонга ҳамоҳанг бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Жамият етакчиси ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, жорий этилган илғор тажриба билан яқиндан танишиш мақсадида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. У Норин тажрибаси ўзининг амалий самарадорлигини кўрсатаётгани, уни бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш лозимлигини қайд этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА