Янги қонун: солиқ имтиёзлари креатив лойиҳалар учун қандай афзаллик беради?
Креатив индустрия иқтисодиётнинг юқори қўшимча қиймат яратадиган ва интеллектуал салоҳиятга таянадиган муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. 2026 йил 7 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазкур соҳани янада ривожлантириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда креатив бизнесни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган янги имкониятлар ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлими бошлиғи Фазлиддин Ўктамов ЎзА мухбирига интервью берди:
– Мамлакатимизда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. 2026 йил 7 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1157-сонли қонун креатив индустрия соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар, ижодкорлар ва инвесторлар учун янги имкониятлар яратади.
Мазкур қонун креатив индустриянинг барқарор ривожланишини таъминлаш, соҳа субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, рағбатлантирувчи механизмларни кенгайтириш ҳамда ижодий ғояларни иқтисодий қийматга айлантиришга қаратилган. Шунингдек, у халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатнинг креатив иқтисодиёт соҳасидаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун билан Солиқ кодекси, “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонунларга муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ўзгаришлар креатив бизнесни қўллаб-қувватлаш, янги иштирокчиларни соҳага жалб қилиш ва халқаро ҳамкорлик учун янада қулай ҳуқуқий муҳит яратишни назарда тутади.
Энг муҳим янгиликлардан бири креатив лойиҳаларда иштирок этадиган хорижий контрагентлар учун солиқ имтиёзларининг жорий этилишидир. Қонунга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган хорижий контрагентлар қўшилган қиймат солиғи, тўлов манбаида ундириладиган фойда солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади.
Мазкур имтиёз хорижий мутахассислар креатив индустрия соҳаси билан бевосита боғлиқ ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш учун жалб этилган ҳолларда қўлланилади. Бу эса креатив лойиҳаларга халқаро тажриба, илғор билим ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Қонуннинг яна бир муҳим янгилиги янги ташкил этилган креатив индустрия субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Амалдаги тартибга кўра, Креатив индустрия парки резиденти бўлиш учун субъектнинг креатив фаолиятдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этиши талаб қилинар эди. Энди эса янги ташкил этилган ёки давлат рўйхатидан янги ўтказилган субъектларни парк резидентлигига қабул қилишда мазкур талаб дастлаб инобатга олинмайди.
Бу янги креатив бизнесларга фаолиятининг илк босқичида имтиёзлардан фойдаланиш имконини беради ва уларнинг бозорга киришини енгиллаштиради. Айни пайтда қонун молиявий интизомни ҳам сақлаб қолади. Агар молия йили якунида белгиланган талаблар бажарилмаса, фойдаланилган имтиёзлар амалдаги солиқ қонунчилигига мувофиқ қайта ҳисобланади ва бюджетга ундирилади.
Қонун билан “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга ҳам муҳим ўзгартиш киритилди. Энди маданият ва санъат соҳасидаги халқаро ҳамда давлатлараро даражадаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ давлат харидларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга ошириш мумкин. Бу халқаро фестиваллар, форумлар, кўргазмалар ва бошқа маданий тадбирларни тезкор ҳамда самарали ташкил этиш имконини яратади.
Умуман олганда, янги қонун креатив индустрия учун янада қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. У халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий мутахассислар ва хизматларни жалб қилиш, янги креатив бизнесларни қўллаб-қувватлаш, ижодий маҳсулот ва хизматларнинг иқтисодий қийматини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро маданий майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Шу билан бирга, қонунда назарда тутилган имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланиш соҳа иштирокчиларидан белгиланган талабларга риоя қилиш, шаффоф ҳисоб юритиш ва молиявий интизомни таъминлашни ҳам талаб этади. Мазкур ўзгартишлар креатив иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда замонавий креатив экотизимни шакллантириш йўлидаги муҳим ҳуқуқий қадам ҳисобланади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.