Ўзбекистонда расмий ҳужжатлар қабули рақамлаштирилди: қайси ҳолатларда?
Ўзбекистонда ҳужжат алмашиш жараёни соддалашмоқда. Адлия вазирлиги қоғоз ҳужжатлар ўрнига электрон шаклини тақдим этишга оид идоравий ҳужжатларни рўйхатдан ўтказди. Бу қарор фуқароларга катта қулайлик яратади.
Адлия вазирлиги ҳужжатларнинг қоғоз шакли ўрнига электрон шаклини тақдим этишга оид идоравий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказди.
2026-йил 20 октябрда қабул қилинган қонун билан 33 та идоравий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ҳужжатлар фуқаролар ҳужжатларнинг электрон шаклини тақдим этиши ва тегишли ташкилотлар уларни қабул қилиши имкониятини яратади.
Унга кўра, биометрик паспорт, ID-карта, туғилганлик ва никоҳ гувоҳномалари, пенсия гувоҳномаси, ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома, уруш қатнашчиси гувоҳномаси ёки талабалик гувоҳномаси каби ҳужжатларнинг қоғоз шакли ўрнига my.gov.uz ва “Ижтимоий карта” мобил иловасидаги электрон шаклидан фойдаланиш мумкин.
Маълум қилинишича, рақамли ҳужжатлар қуйидаги ҳолатларда қабул қилинади:
Банкларда – банк хизматларидан фойдаланишда ва айрим молиявий операцияларни амалга оширишда шахсни тасдиқлашда;
Нотариал идораларда – тегишли нотариал ҳаракатларни амалга оширишда;
Аэропортларда – Ўзбекистон ичидаги авиарейсларга рўйхатдан ўтишда;
Уруш қатнашчиларига компенсация беришда;
Телекоммуникация хизматлари кўрсатишда – абонент билан хизмат шартномасини тузишда;
Қон ва унинг таркибий қисмларини топширишда – донорнинг шахсини тасдиқлашда;
Ломбардлар билан шартнома тузишда;
Тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизматлар кўрсатишда;
Фуқароларни ҳарбий рўйхатга олишда ва бошқа бир қатор хизматларни кўрсатишда.
Маълумот учун, Ҳукуматнинг 2024 йил 27 декабрдаги 897 сон қарорига мувофиқ шахсни тасдиқловчи ва бошқа бир қатор ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервислари жорий этилган.
Шербек Исломов, ЎзА