Ўзбекистонда олимларга эътибор борми? (+видео)
Илк маротаба ихтиро қилинган «Қуватин» препарати бир пайтлар Россия, Ўзбекистон ва бутун МДҲ давлатлари учун катта янгилик бўлган. Бугун эса бу ихтиро шунчаки хор бўлиб ётибди.
Олимлар кашфиёт қилаяпти, олимлар ихтиролар қилмоқда, янгиликлар яратмоқда. Аммо, бу ихтиролар эътиборсиз қолиб кетмаяптими?
Олимларнинг ташвишларини, муаммоларини кимдир эшитаяптими?
Бугунги кўтараётган мавзуимиз ўзбек олимлари ва уларнинг ихтиролари ҳақида.
***
“... ўзбекистонлик олима «Ноглюкин» ва «Қуватин» номли препаратларни пилладан яратди. Бу жуда ҳам муҳим бўлган илмий кашфиёт. Ўз вақтида ҳам зўр кашфиёт дейилган, илмий тасдиқланган. Нега бу янгилик бугун хор бўлиб ётибди?”
Табиб, олима, Халқ табобати ассоциацияси аъзоси Раҳима Очилова 2000 йилда «Ал-Ҳаким» илмий ишлаб чиқариш марказига асос солади. Ушбу марказда ишлаб чиқилган «Ноглюкин» ва «Қуватин» биологик фаол қўшимчалар (БФҚ)нинг хусусиятлари жуда тез тилга тушади ва кўплаб миқдорда сотилиб, катта даромад олинади.
2006 йилда табиб ушбу илмий ишлаб чиқариш маркази фаолиятини тўхтатиб, табиий дори воситалари ҳамда БФҚларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган «BIO-FARM HAKIM» МЧЖни ташкил этади.
Бухоролик олиманинг табобат йўналишида олиб бораётган тадқиқотларидан хабар топганлар уни Ўсимлик моддалари кимёси институтига таклиф қилади. Бу таклиф эса табибнинг ҳаёти ва илм йўлида туб бурилишлар ясалишига, шу билан бирга, унинг кўплаб олимлар ва академиклар даврасига киришига туртки бўлади. Пировардида, институтда ҳам мавжуд технологиялардан фойдаланган ҳолда олима муаллифлигидаги тадқиқотлар ортидан салмоқли натижаларга эришилади.
Маълумот ўрнида: бугунги кунда у ишлаб чиққан ихтиролардан Хитой, Россия, Миср каби давлатларда фойдаланиб келинмоқда.
Ихтироларнинг аҳамияти нимада?
«Ноглюкин» ва «Қуватин». Ушбу препаратлар оддий пилла ипагидан олинади. Пилла ипаги 17 турдаги аминокислоталар, турли микроэлементлар, ёғлар ва инсон танасининг тўлиқ фаолият юритиши учун зарур бўлган бошқа моддалар манбаидир.
Ипак асосан тўқимачилик саноатида қўлланилади, айни пайтда ундан икки юз турдан ортиқ ичимлик ва дамламалар, турли дори воситалари тайёрланади.
Бугунги кунда табиат инъомлари орқали даволаш бўйича катта тажрибага эга – Япония, Хитой каби мамлакатлар ҳам ипак қуртининг шифобахш хусусиятларини юқори баҳолашмоқда. Қолаверса, бу мамлакатларда ипак қуртидан дори препаратларини тайёрлаш бўйича ҳам яхши натижаларга эришилмоқда. Аммо табиб Раҳима Очилова тадқиқотлари давомида бироз фарқли ўлароқ, препаратларни асосан пилла ипагидан олади. Яъни, «Ноглюкин» ва «Қуватин» ҳамда шу каби ўнлаб препаратлар асосан пилла ипагидан, икки хил технологик усулда олиниб, ишлаб чиқилган.
«Қуватин» таркибида табиий протеин моддаси борлиги учун спортчилар, оғир жисмоний ҳаракат билан шуғулланувчиларга тавсия этилади. Шу боис ўзида ўн саккизта фойдали аминокислоталарни жам қилган «Қуватин» 2012 йилда Лондондаги ёзги Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш даврида Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларининг фойдаланиши учун тасдиқланган препаратлар рўйхатига киритилган.
«Қуватин» шунингдек, магний, кальций, темир, марганец, рух, натрий каби микроэлементларга бой бўлиб, асосан, стенокардия, камқонлик, кучсиз иммунитет, невроз, стресс, олигурия, анурея билан кечиб борадиган буйрак фаолиятининг бузилиши, жигар оғир хасталиклари, болаларда кучсиз иммунитет оқибатида тез-тез касалланиш, жинсий безлар муаммолари, қувватсизлик ва сил касалликларида қўлланилиши тавсия этилади.
Таркиби ўртача кўрсаткичда 77,5 фоиз табиий пептит, полипептит ва ноль пептитлар, яъни табиий оқсилдан иборат «Ноглюкин» препарати эса ўзида 16 та аминокислоталарни, магний, кальций, темир, марганец, натрий, калий, рух каби микро ва макроэлементлар ҳамда ёғ кислоталарини жамлаган. Асосан, модда алмашинувининг бузилиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар, ёш болалар организмининг ўсиши ва ривожланишидаги муаммолар, панкреатит, қандли диабет, анемия, кучсиз иммунитет, интенсив жисмоний ҳаракат натижасида организмнинг толиқиши, жинсий безлар муаммолари, бўқоқ бези функциясининг бузилиши, лейкопения, гипотрофия, семириш, пародонтоз ва сил касалликларида қўлланилади. Клиник синовлар ва тадқиқотлар давомида қарши кўрсатмалар аниқланмаган.
«Ноглюкин» ва «Қуватин»ларнинг патентлангани ва ўз муқобилларидан фарқли ўлароқ, дори воситаси сифатида қўллаш мумкинлигига қарамай, нега БФҚ сифатида ишлаб чиқарилди?
Раҳима ОЧИЛОВА:
— 2001 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мен ишлайдиган Ўсимлик моддалари кимёси институтининг директори, профессор — Ҳусниддин Шоҳидоятов, Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Ғафурович (собиқ), ҳамда «Қуватин» ва «Ноглюкин»ни сичқонларда синаб кўрган, Ўсимлик моддалари кимёси институтининг фармакология лабораторияси мудири — Владимир Сыров, Фанлар академияси президенти Тўхтамурод Жўраевич, “Фармакология ва токсикология”даги бир гуруҳ олимлар йиғилдик ва “Бу препаратни нима қиламиз” деган савол ўртага ташланди.
Чунки, илк маротаба ихтиро қилинган «Қуватин» препарати ўша пайтларда Россия, Ўзбекистон ва бутун МДҲ давлатлари учун катта янгилик эди.
Ўшанда Феруз Ғафурович, «Қуватин» ва «Ноглюкин»ни дори эмас, биологик актив қўшимча қилиб чиқарайлик. Яъни озиқ-овқат қўшимчасига ёрдам сифатида... чунки таркиби 18 та аминокислота, бу жуда катта кўрсаткич ва Ўзбекистонда биринчи марта БФҚ ихтиро қилган олима сиз бўласиз” дедилар. Мен бунга рози бўлдим ва шу сабабли «Қуватин» препарати БФҚ сифатида номланиб қолди.
Бизга тақдим этилган ҳужжатларда «Ноглюкин» ва «Қуватин» «Эндокринология», «Пульмонология» илмий текшириш институтларида, «Қуватин»нинг ўзи эса ЎФА, Ўсимлик моддалари кимёси институти, «Кардиология» илмий текшириш институти ҳамда Россиянинг бир қанча нуфузли илмий текшириш институтларида синовдан ўтказилганини тасдиқлайди.
Табибнинг бу йўналишда кўплаб илмий мақолалари, шунингдек, Россиянинг «Вестник» журналида эълон қилинган. Олима 2014 йилда Миср давлатида ҳам ўз ихтиролари тақдимотини ўтказиб, ҳамкорлик келишув меморандумини имзолаб қайтган.
Биз ушбу маълумотларни тўплаш давомида, олиманинг ихтироларидан хабари бўлган ва ушбу ихтироларни ишлаб чиқиш, уларни синовдан ўтказишга бош қош бўлган профессорларнинг бир нечтаси билан боғландик.
Зарифбой Ибодуллаев (профессор):
– Олимнинг вазифаси ихтиро қилиш, давлатнинг вазифаси ўша яратилган ихтирони халққа етказиш, уни амалиётга татбиқ этиш. Қайси давлат “олғир” бўлса, олимнинг ихтироси дарҳол уларга ўтиб кетади. Агар олимнинг қўлида маблағ бўлмаса, яратган ихтироси қўллаб-қувватланмаса, назария ва амалиёт билан бирлашмас экан, олимнинг ихтироси бефойда бўлиб қолаверади.
Профессор Раҳима Очилованинг ихтиролари яратилганига 10 – 15 йиллар ўтган бўлса-да, ҳамон халққа етиб бора олмаётгани ҳақида ачиниб гапиради:
– Ўша машҳур “инсулин”ни яратган олимлар Нобель мукофотини олишган. Ўзбекистонлик олима эса «Ноглюкин» ва «Қуватин» номли препаратларни пилладан яратди. Ўзбекистон – пилла кўп етиштириладиган давлат. Бу жуда ҳам муҳим бўлган илмий кашфиёт. Ўз вақтида ҳам зўр кашфиёт дейилган, илмий тасдиқланган. Нега бу янгилик бугун хор бўлиб ётибди? Бунга давлат эътибор қаратиши керак! Ушбу икки препаратни ўзимизда ишлаб чиқаришни бошлаш керак! Бу доридан бехабар ишбилармон инвесторлар ушбу хайрли ишга қўл урса, яхши бўларди. Ёки биз ушбу таклиф билан Франция, Германия ёки Япония олимларига мурожаат қиламиз. Ўттиз уч йиллик шифокорлик ва тиббий-педагогик стажга эга олим сифатида айта оламанки, бу препаратлар қандли диабетдан, шунингдек, неврологик касалликлардан азият чекаётган беморлар учун самарали.
Профессор шунингдек, шахсан ўзи ҳам ушбу икки препаратларни бир қанча беморларни даволашда синаб кўриб, яхши натижаларга гувоҳ бўлганини таъкидлади.
«Ноглюкин» ва «Қуватин» — бу ихтиролар ўз шифобахшлик хусусиятлари билан жуда қиммат туради. Уларни амалиётга татбиқ этиш учун эса айни пайтда табибга молиявий кўмак ва ҳукумат ҳимояси зарур.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qR2tbGLmiDM" title="Oʻzbekistonda olimlarga eʼtibor bormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эмширзаева, Д.Якубов (видео), ЎзА