Ўзбекистонда исломий молия бозори саккиз баробар ўсди
Бугунги кунда мамлакатимиз молия-банк тизимида туб таркибий ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Айниқса, аҳоли ва тадбиркорларнинг миллий ҳамда диний қадриятларига мос келувчи исломий молия маҳсулотларига бўлган қизиқиши йилдан-йилга эмас, балки ой сайин ортиб бораётгани бор ҳақиқат. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан эълон қилинган жорий йилнинг I чораги якунлари бўйича таҳлилий маълумотлар ҳам бу фикрни тўлиқ тасдиқлайди.
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида микромолия ташкилотлари (ММТ) томонидан кўрсатилган исломий молиялаштириш хизматларининг умумий ҳажми 11,2 миллиард сўмни ташкил этди. Бир қарашда бу рақам умумий молия бозори учун катта кўринмаслиги мумкин, аммо динамикага эътибор қаратсак, ҳайратланарли ҳолатга гувоҳ бўламиз: ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли саккиз баробарга ошган. Бундай кескин ўсиш суръати мазкур йўналишнинг келажаги нақадар улкан эканидан далолат беради.
Исломий молия тизими ранг-баранг инструментлардан иборат бўлса-да, ҳозирча юртимиз бозорида учта асосий маҳсулот етакчилик қилмоқда. Энг оммабоп йўналиш — бу устама ҳақи эвазига насия савдони назарда тутувчи «Муробаҳа» шартномаси бўлиб, унинг ҳажми 7,7 миллиард сўмга (жами хизматларнинг 69 фоизи) етди. Иккинчи ўринда фойдани бўлишишга асосланган шерикчилик — «Музораба» хизматлари қайд этилди (2,1 миллиард сўм ёки 19 фоиз). Анъанавий лизингнинг шаръий муқобили бўлган «Исломий ижара» эса 1,4 миллиард сўм (12 фоиз) ҳажм билан кучли учликни якунлаб берди.

Кўпчилик исломий молияни фақатгина фуқароларнинг шахсий ёки рўзғор эҳтиёжлари учун зарур деб ўйлайди. Бироқ рақамлар бутунлай бошқа манзарани кўрсатмоқда. Бозорнинг асосий қисми, яъни 74 фоиздан зиёди айнан тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Хусусан, мижозлар таркибида юридик шахслар (корхоналар) етакчилик қилиб, улар улушига 5,2 миллиард сўмлик хизматлар тўғри келди. Якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) томонидан олинган маблағлар ҳажми 3,1 миллиард сўмни, жисмоний шахслар улуши эса 2,9 миллиард сўмни ташкил этди. Бу ҳолат кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўз айланма маблағларини тўлдириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришда шаръий меъёрларга мос молиявий ресурсларни жалб қилишга кўпроқ интилаётганини англатади.
Марказий банк ҳисоботи соҳадаги жиддий бир камчиликни ҳам юзага чиқарди. Бу, хизматларнинг ҳудудлар бўйича ўта нотекис тақсимланишидир. Ҳозирда жами кўрсатилган хизматларнинг мутлоқ қисми — 10,6 миллиард сўми (қарийб 95 фоизи) айнан Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда. Вилоятлар ичида эса фақатгина Наманган вилояти (670 миллион сўм) бироз жонланиш кўрсатган, холос.
Ваҳоланки, Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё воҳаларида исломий молия маҳсулотларига бўлган ички талаб жуда юқори. Демак, микромолия ташкилотлари ўз фаолият географиясини кенгайтириши, вилоятларда янги тармоқларни ишга тушириши давр талабидир.
Хўш, бу рақамлар ортида қандай иқтисодий омиллар турибди? Энг аввало, исломий молия анъанавий банк тизимидан йироқ бўлган, яъни «фоиз» (рибо) сабабли кредит олишни истамайдиган катта ҳажмдаги маблағларни расмий иқтисодий айланмага олиб киришга хизмат қилади.
Иккинчидан, микромолия бозоридаги ушбу 8 баробарлик ўсиш яқин йилларда йирик тижорат банклари учун ҳам жиддий сигналдир. Тез орада анъанавий банкларда ҳам «исломий дарчалар»нинг очилиши мазкур бозор ҳажмининг геометрик прогрессияда ўсишига туртки беради.
Хулоса ўрнида айтганда, юртимизда исломий молиялаштириш тизими ўзининг шаклланиш босқичини муваффақиятли якунлаб, жадал ривожланиш палласига кирди. Бу эса иқтисодиётимизнинг барқарорлигини таъминлаш ва инвестициявий муҳитни жозибадор қилишда янги, муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА