“Ўзбекистонда инвесторлар учун барча шароит мавжуд” – Муҳаммад Жамил Ал-Рамаҳий
Инвестор фикри
Ўзбекистон энергетика соҳаси халқаро сармоядорлар учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айланмоқда. Тармоқда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, аниқ белгиланган стратегик мақсадлар ва инвестиция лойиҳаларининг амалий натижалари хорижий компанияларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқишини тобора оширмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўтказилган Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгашининг биринчи йиғилишида нуфузли халқаро компаниялар вакиллари иштирок этди. Улар орасида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал-Рамаҳий ҳам бор эди.
– Менимча, ушбу учрашувнинг ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга. Президент ташаббуси билан тузилган кенгаш дунёнинг турли мамлакатларидан келган халқаро инвесторларни бир майдонга жамлади. “Masdar” компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни ислоҳотларнинг илк босқичлариданоқ бошлаган эди. Бугун эса мамлакатингиз бозорига бошқа кўплаб йирик хорижий сармоядорлар ҳам кириб келаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Буларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юксак самара бераётганидан далолат беради. Энг муҳими, инвестицияларни жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар амалий натижалар касб этмоқда.
Инвесторлар учун шаффоф тартиб-қоидалар, изчил давлат сиёсати, аниқ стратегик мақсадлар ва янги имкониятлар жуда муҳим. Ўзбекистонда эса бу омилларнинг барчаси таъминланган. Бизнинг шу ерда эканимиз ва бошқа халқаро сармоядорларнинг ҳам мамлакатингиз билан ҳамкорликка интилаётгани фикримга исботдир. Ўзбекистонда фаолият юритаётганимиздан мамнунмиз, – деди Муҳаммад Жамил Ал-Рамаҳий.
Компания раҳбарининг таъкидлашича, “Masdar” бугунги кунда энергетика соҳасида замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Хусусан, электр энергиясини ягона тармоққа самарали ва барқарор етказиб бериш жараёнларига сунъий интеллект тизимларини жорий этиш устида тизимли иш олиб борилмоқда.
– Биз электр энергиясини тизимга янада самарали узатиш мақсадида сунъий интеллектнинг энг илғор ечимларига фаол сармоя киритяпмиз. Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда айнан шу йўналишдаги лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Асосий вазифамиз – энг мақбул технологик ечимларни аниқлаш ҳамда уларни амалиётга муваффақиятли татбиқ этишдан иборат, – деди компания раҳбари.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА