Бизнес-омбудсман: тадбиркорлар фойдасига 233 миллиард сўм ундирилди
Бизнес-омбудсман девонида Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аниқланган қонунбузилишлар ва соҳадаги тизимли муаммолар муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь - сентябрь ойларида Бизнес-омбудсман девонига 10 минг 740 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг қарийб 48 фоизи бўйича тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Кўрилган чоралар натижасида тадбиркорлар фойдасига 233 миллиард сўм ундирилиб, 76 та ноқонуний қарор бекор қилинган. Шунингдек, 1 274 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ҳисобот даврида 34 та назорат қилувчи орган томонидан 143 мингдан ортиқ текширув ўтказилган. Мораторий жорий этилганидан кейин ойлик текширувлар сони қарийб уч баробар камайган.

Тадбирда тадбиркорлар учун янги енгилликлар, жумладан, ташқи реклама ва ёритиш учун электр энергиясига қўлланиладиган уч баробар коэффициентни бекор қилиш ҳамда такрорий текширувларни Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказиш тартибини жорий этиш таклифлари илгари сурилди.
Шунингдек, «Ўзбекистон 24» телеканали бош муҳаррири Улуғбек Раҳмонқулов ва «Sevimli TV» муҳаррири Дилфуза Эсанова Жамоатчилик кенгаши аъзолигига сайланди.
Қайд этилганидек, мазкур чора-тадбирлар тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлашга қаратилган.

ЎзА