Ўзбекистонда ички авиачипталар нархи ўртача 20 фоизгача арзонлаштирилди
Давлатимиз раҳбари топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан авиация бозорида ички авиақатновларда йўловчилар учун мавжуд тарифлар, нарх шаклланиши ва хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Рақобат қўмитаси томонидан авиақатновларни амалга ошириш билан боғлиқ ташиш харажатларини оптималлаштириш имкониятлари таҳлил қилиниб, мазкур харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига ички йўналишларда авиачипталар нархларини пасайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ушбу таклифлар юқори инстанциялар томонидан қўллаб-қувватланди. Ички авиақатновлар бўйича тарифлар қайта кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 16 октябридан бошлаб ички йўналишларда авиачипталар нархлари ўртача 20 фоизгача арзонлаштирилди.
Мазкур чора-тадбирлар аҳоли учун авиақатновларни янада ҳамёнбоп қилиш, ички туризмни ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳаракатланишни кенгайтириш, хизмат сафарлари ва шахсий ташрифларни режалаштиришда қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА