Туркий дунё ёшлари форумида делегациямиз вакиллари муносиб иштирок этди
Туркиянинг Кожаэли шаҳрида “Умумий мерос, ягона юрак” шиори остида ташкил этилган Туркий дунё ёшлари учрашуви ўз ниҳоясига етди. Уч кун давом этган тадбирда ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатлардан келган ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимлар ва ижодкорлар иштирок этди.
Анжуман туркий халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, муштарак тарихий меросни ёш авлодга етказиш, таълим, илм-фан, медиа ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.

Тадбирнинг очилиш кунида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг туркий дунё ёшларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди. Шунингдек, Туркия Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Куршад Зорлу иштирокида “Турк дунёси ёшлари билан юзма-юз” мулоқоти ташкил этилди. Унда иштирокчилар ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.
Йиғин давомида туркий дунёнинг келажаги, ёшларнинг жамиятдаги ўрни, миллий ўзлик, дипломатия ва ахборот соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган муҳокамалар ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган журналист ҳамда блогерлар ахборот соҳасидаги ҳамкорлик, ёлғон хабарларга қарши курашиш, анъанавий ва рақамли медианинг имкониятлари юзасидан фикр алмашди.

Эътиборли жиҳати, форумнинг маданий дастурида Ўзбекистон вакиллари ҳам фаол иштирок этишди. Жумладан, хонандалар Мафтуна Холмуродова, Дурдона Усмонова ҳамда “Music Bolalar” гуруҳи ўз чиқишлари орқали миллий мусиқа санъатимизни намойиш қилди.
– Туркия саҳнасида юртимиз номидан иштирок этиш биз учун катта шараф ва масъулият, – дейди “Music Bolalar” гуруҳи аъзолари. – Биз нафақат ўз ижодимизни, балки халқимизнинг бой маданияти ва миллий қадриятларини ҳам намоён этмоқдамиз. Келгусида Туркияда концертлар ташкил этиш, янги ижодий лойиҳалар орқали ўзбек мусиқасини янада кенг тарғиб қилиш ниятидамиз. Ишонамизки, санъат халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Кожаэли университети докторанти, “Türkiye Bursları” дастури стипендиати Ислом Асилбековнинг таъкидлашича, туркий халқларнинг муштарак тарихий меросини замонавий таълим ва илмий ҳамкорлик билан уйғунлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
– Алишер Навоий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий ва Маҳмуд Қошғарий каби буюк мутафаккирлар мероси халқларимизнинг маънавий яқинлигини намоён этади, - деди у. – Бу бойликни нафақат асраб-авайлаш, балки замонавий таълим, илмий тадқиқотлар ва медиа воситалари орқали ёш авлодга етказиш зарур. Университетлараро ҳамкорлик, талабалар ва докторантлар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар бу борада янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Шерзод Абдуназаров ҳам бундай учрашувлар ёшлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини қайд этди.

– Мазкур конференция турли мамлакатлардан келган ёшларга ўзаро тажриба алмашиш, бир-бирининг маданияти ва қарашларини яқиндан англаш имконини берди, - деди у. – Айниқса, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги таълим, илм-фан, маданият ва ёшлар соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантиришда бундай мулоқотлар муҳим. Биз Туркияда таҳсил олаётган, илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланаётган ўзбекистонлик ёшларни қўллаб-қувватлашга давом этамиз.
Анжуман якунида туркий дунё ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 11 банддан иборат хулоса ва таклифлар ишлаб чиқилди. Уларда Туркий университетлар иттифоқи (TURKUNIB) фаолиятини такомиллаштириш, илм-фан, сунъий интеллект ва инновациялар соҳасида “Рақамли Ипак йўли” доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ёш тадбиркорлар тармоқларини ривожлантириш, маданий меросни рақамли платформаларда тарғиб қилиш, ёш дипломатлар дастурларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма маданий-ижодий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.

Навбатдаги Туркий дунё ёшлари учрашувини 2027 йилда Туркиянинг Кайсери шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.
Умуман олганда, Кожаэлидаги учрашув туркий халқларнинг муштарак тарихий ва маданий меросини замонавий тараққиёт талаблари билан уйғунлаштириш, ёшлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда таълим, илм-фан, ахборот ва маданият соҳаларида янги ҳамкорлик имкониятларини белгилаш учун муҳим майдон бўлди.
Нодира Кайимова, ЎзА
Кожаэли, Туркия