Ўзбекистонда I Марказий Осиё талабалар спорти форуми ўтказилади
I Марказий Осиё талабалар спорти форумида соҳани ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
2026 йил 29 сентябрь — 2 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган I Марказий Осиё талабалар спорти форуми Халқаро университет спорти федерацияси (FISU) Президенти Леонз Эдернинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилади.
Форумдан асосий мақсад Ўзбекистоннинг талабалар спортини ривожлантириш борасидаги тажрибасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама этиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбир давомида талабалар спортини ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари, соҳадаги мавжуд масалалар ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилади. Форумда FISU раҳбарияти билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон ва Туркманистон талабалар спорти федерациялари вакилларининг иштирок этиши режалаштирилган.
Шунингдек, FISU Президенти талабалар ўртасида ўтказиладиган «Беш ташаббус» олимпиадаси спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросимларида иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА