Ота-она фарзандининг баҳоларини "MyGov" орқали билиб олиши мумкин
Ота-оналар энди фарзандининг мактабдаги ўзлаштириш кўрсаткичларини билиш учун мактабга бориши шарт эмас.
Жорий баҳолар, фанлар бўйича ўртача натижалар ва таълим муассасаси ҳақидаги маълумотларни “MyGov” электрон хизматлари орқали масофадан олиш мумкин.
Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотига кўра, мазкур имконият “my.gov.uz” портали ва “MyGov” мобил иловаси орқали тақдим этилмоқда. Хизмат ёрдамида ота-оналар фарзандининг ҳар бир фан бўйича жорий баҳолари, ўртача кўрсаткичлари, синфдаги баҳолар статистикаси ҳамда ўзлаштириш даражаси билан танишиши мумкин.
Бундан ташқари, мактабнинг номи ва манзили, ўқитувчилар ҳамда ўқувчиларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади.
Хизматдан қандай фойдаланилади?
Бунинг учун my.gov.uz порталига ёки “MyGov” мобил иловасига кириб, шахсий кабинетни очиш лозим. Сўнг “Менинг оилам” бўлимида фарзандингиз маълумотлари ёнидаги “Мактаб маълумотлари” тугмасини босиш орқали керакли маълумотларни олиш мумкин. Мазкур хизмат ота-оналарга фарзандининг таълимдаги натижаларини мунтазам кузатиб бориш, ўзлаштиришидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва таълим жараёнида фаолроқ иштирок этиш имконини беради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА