Ўзбекистонда энг кўп танланган касб қайси?
Бугун меҳнат бозорида “Қайси касбни эгалласам, иш топишим осонроқ бўлади?” деган савол ёшлар учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳудудлардаги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва саноат тармоқларининг ўзига хослиги эса қайси мутахассисликларга эҳтиёж юқори эканини ҳам белгилаб бермоқда.
Техникумларнинг 2025/2026 ўқув йили учун қабул параметрларини шакллантириш, тақсимлаш ва уларнинг бажарилиш самарадорлиги таҳлил қилинди. Натижаларга кўра, республика бўйича энг оммабоп йўналиш автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўлган.
Ушбу йўналишга жами 249 минг 130 нафар ўқувчидан 50 минг 208 нафари ҳужжат топширган. Бу умумий кўрсаткичнинг 20,2 фоизини ташкил этади. Демак, ҳар беш нафар талабгордан тахминан бири автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш соҳасини танлаган.
Қизиғи, ҳудудлар кесимида касбларга бўлган қизиқиш бир хил эмас. Ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, ишлаб чиқариш тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳалари у ерда қайси мутахассисликларга талаб юқорилигини белгиламоқда.
Масалан:
— Тошкент шаҳрида — компьютер тизимларида дастурлаш;
— Самарқанд вилоятида — сартарошлик;
— Сурхондарё вилоятида — қутқарувчилик;
— Фарғона вилоятида — тикувчилик маҳсулотлари дизайни;
— Тошкент вилоятида — кимёвий ишлаб чиқариш лаборанти;
— Навоий вилоятида — фойдали қазилмаларни майдалаш ва саралаш йўналишларига қизиқиш юқори бўлган.
Бу рақамлар ёшларнинг касб танлашида ҳудуд омили ҳам муҳим эканини кўрсатади. Масалан, пойтахтда рақамли технологияларга оид мутахассисликлар кўпроқ танланаётган бўлса, саноат салоҳияти юқори ҳудудларда ишлаб чиқариш ва кончилик билан боғлиқ касбларга эҳтиёж юқори.
Шу жиҳатдан, касб танлашда нафақат шахсий қизиқиш, балки муайян ҳудудда қайси соҳалар ривожланаётгани ва меҳнат бозорида қандай мутахассисларга эҳтиёж борлигини ҳам ҳисобга олиш муҳим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА