Ўзбекистонда экотуризм учун қандай имкониятлар бор?
Экотуризм — табиатга зарар етказмаган ҳолда, уни асраб-авайлаш ва табиий ҳудудларни ўрганишга қаратилган саёҳат тури. Аммо экотуризмда нафақат табиатни томоша қилиш, балки уни асраб-авайлаш ҳам долзарб.
Мамлакатимиз экотуризм ва барқарор туризм соҳасида халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Тошкентда ўтказилган “Экотуризм ва барқарор туризм” халқаро йирик саммит табиий ва сайёҳлик салоҳиятини дунё туризм бозорига янада кенг олиб чиқиш, янги инвесторлар ва хорижий ҳамкорларни жалб этиш учун муҳим майдон бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Халқаро экотуризм ассоциацияси ҳамда “TGS Travel” халқаро сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан туризм соҳаси мутахассислари, давлат ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди. Аввал Туркия, Миср, Вьетнам ва Танзания каби йирик туристик марказларда ўтказилган мазкур халқаро саммитга 2026 йилда биринчи марта Ўзбекистон мезбонлик қилди. Бу мамлакатимизнинг экологик ва барқарор туризм соҳасидаги салоҳияти халқаро даражада тобора кўпроқ эътироф этилаётганини кўрсатади.

Саммитда АҚШ, Канада, Янги Зеландия, Европа ва Осиёнинг қатор давлатларидан 100 га яқин йирик хорижий туроператор, сайёҳлик компаниялари ва соҳа экспертлари қатнашди. Улар Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини бевосита ўрганиш, маҳаллий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш ва янги туристик маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлди. Айниқса, Шимолий Америка ва Европа бозорлари билан ҳамкорликни кенгайтириш саммитнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди.
Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатда туризмни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. БМТ Туризм маълумотларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг тез ўсиб бораётган етакчи 7 та сайёҳлик йўналиши қаторидан ўрин олган. Жорий йил бошидан буён мамлакатимизга 8 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Туристларнинг Ўзбекистонда ўртача бўлиш муддати эса 8 кунгача узайтирилган.

Хорижий ва маҳаллий инвесторларни туризм соҳасига янада кенг жалб қилиш учун қатор молиявий рағбатлар жорий этилмоқда. Жумладан, меҳмонхоналар қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида ресурс ажратилиб, тадбиркорларга 10 йил муддатга 16 фоизли имтиёзли кредитлар тақдим этилади. Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қурилишига субсидия бериш муддати яна икки йилга узайтирилади. Меҳмонхоналар учун ўн баравар камайтирилган ер ва мол-мулк солиғи ставкалари ҳам 2030 йилгача сақланади. Бундан ташқари, туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматлари экспортга тенглаштирилиб, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Туристик автобус, электробус ва микроавтобусларни олиб киришдаги божхона имтиёзлари ҳам яна бир йилга узайтирилади.
Саммитнинг энг амалий қисми B2B учрашувлари бўлди. Унда хорижий туроператорлар ва маҳаллий сайёҳлик компаниялари ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилди. Айниқса, Канада, Буюк Британия ва Европа давлатларидаги харид қобилияти юқори бўлган, келиб чиқиши осиёлик мусулмонлар диаспораси вакиллари учун турлар ташкил этиш имкониятига эга компаниялар билан стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Учрашувлар натижасида маҳаллий ва хорижий туризм субъектлари ўртасида қатор амалий келишувларга эришилиб, узоқ муддатли ҳамкорлик лойиҳаларини бошлаш учун асос яратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА