Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси ислоҳоти: беш йиллик сарҳисоб ва келгуcи устувор вазифалар
Тошкентда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш ва давлат тиббий суғуртаси тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган нуфузли халқаро конференция иш бошлади.
Икки кунга мўлжалланган ушбу анжуман Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилди. Президент Администрацияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, шунингдек Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, JICA каби халқаро тузилмалар ҳамда Швейцария ва Германия элчихоналари вакиллари иштирок этаётган тадбирга Литва, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Ҳиндистон ва Япониядан 120 га яқин мутахассис, эксперт ҳам келган.
Конференциянинг очилиш маросимида аҳоли, хусусан беморларга яратилаётган замонавий шароит, тиклаш хизмати тизимини кенгайтириш, узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатишда тиббий суғуртанинг аҳамияти таъкидланди. Соҳадаги ислоҳот, эришилган натижалар ва беморларга яратилган имкониятлар акс этган махсус видео лавҳа намойиш этилди. Хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда ОТБ вакиллари ҳам мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида юз бераётган ижобий ўзгаришлар бўйича фикр, мулоҳаза билдирди.
Биринчи кун дастурига кўра, сўнгги беш йилда эришилган ютуқлар эътироф этилди. Мамлакатимизда ушбу тизимга ўтиш Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги қарори билан Сирдарё вилоятидаги 28 тиббиёт муассасасида тажриба-синов тариқасида бошланган. Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил тасдиқланган қарор асосида имтиёзли тоифадаги фуқароларга юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш харажати бюджетдан қоплана бошланди. Мазкур тартиб 2024 йил Тошкент шаҳри ва бир неча вилоят, 2025 йил яна 15 туманда жорий этилди. 2026 йилга келиб эса Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарлари тўлиқ қамраб олинди. Шу тариқа тиббий суғурта қисқа фурсатда бутун мамлакат миқёсидаги муҳим давлат ислоҳотини намоён этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тақдирланган соҳа ривожи ва ислоҳот жараёнига муносиб ҳисса қўшиб келаётган халқаро ташкилотлар раҳбар ходимларига тегишли мукофотлар тантанали тарзда топширилди. Эртага анжуман доирасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор вазифалар ҳамда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинади.
[gallery-31345]
Фардона Яхшибоева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА