“Автомобилсиз кун” қандай натижа беради?
Бугун Ўзбекистон бўйлаб “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилмоқда.
Бу ташаббуснинг мақсади оддий — шахсий автомобилдан фойдаланишни бир кунга чеклаб, ҳавони ифлослантирувчи чиқиндиларни камайтириш ва жамоат транспортидан фойдаланиш маданиятини кенгайтириш.
Акцияда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам бугун хизмат автомобилидан воз кечиб, ишга жамоат транспортида борди. Қўмита ходимлари ҳам ўз автомобилларини қолдириб, автобус ва метродан фойдаланган ҳолда ишга етиб келди.
Автомобиллар сони ортиши билан атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдори ҳам кўпайиб боради. Шу боис “Автомобилсиз кун” нафақат бир кунлик акция, балки аҳолида экологик масъулиятни кучайтиришга қаратилган ташаббус сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Автомобиль ўрнига автобус, метро, велосипед ёки пиёда юришни танлаш ҳар бир инсоннинг атроф-муҳитга қўша оладиган оддий, аммо муҳим ҳиссасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун” ҳамда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб келинмоқда.
Ташаббуснинг асосий мақсади — автотранспорт воситаларидан атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни камайтириш, экологик барқарор муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни рағбатлантириш.
Экология қўмитаси давлат ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек, барча юртдошларни акцияда фаол иштирок этишга, имкониятдан келиб чиқиб, электромобиллар, бошқа “яшил” транспорт воситалари ва жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишга чақирмоқда.
Тоза ҳаво фақат экологларнинг эмас, барчамизнинг умумий эҳтиёжимиз. Бугун автомобилни қолдириш эртанги тоза ҳаво учун ташланган кичик, аммо муҳим қадамдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА