Ўзбекистонда буғдой захиралари етарлими? (+Видео)
Азалдан халқимиз учун энг азиз неъмат – нон ҳисобланади. Хабарингиз бор, 1 июндан юртимизда қолипли нон нархи 2 минг 800 сўм этиб белгиланди. Кундалик истеъмолдаги энг муҳим озиқ-овқат маҳсулоти нархининг кескин кўтарилиши истеъмолчиларда кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Бу йил Ўзбекистонда буғдой захиралари етарлими? Айримлар нарх-навонинг ошиши жорий мавсумда ғалла ҳосили мўлжалдагидан кам бўлгани оқибати билан боғламоқда. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
Саволга жавоб олиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маслаҳатчиси Шаҳобиддин Ортиқов билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистоннинг буғдойга бўлган йиллик эҳтиёжи 8,5-9 миллион тонна атрофида. Ўтган йили мамлакатимизда 3 миллион атрофида буғдой импорт қилган. Шунингдек, далаларимизда 6,5 миллион тонна буғдой етиштирилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жорий йил Ўзбекистонда 7,5 миллион тонна атрофида буғдой етиштирилишини тасдиқлади. Ҳозирги кунда 3 миллион тонна буғдой захирамиз бор. Ғалла ҳажмини қўшганда 10 миллион тоннадан ошиқ буғдой бўлади. Бу деган Ўзбекистон ўз аҳолисини буғдой билан таъминлай олади. Бунга имкониятлар етарли.
Бундан ташқари, ортиқча захира ҳам яратилади. Йил бошидан ҳозирги кунгача Ўзбекистонда четдан импорт қилинган буғдой миқдори ўтган йилга нисбатан 100 минг тоннага кўп.
– Россия-Украина муносабатлари Ўзбекистонга кириб келаётган буғдой миқдорига таъсир қиляптими?
– Йўқ. Мисол учун, Ўзбекистонга буғдой импортини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирсак, 100 минг тоннадан кўп эканлигини билиш мумкин. Энг асосий импорт бозоримиз Қозоғистон ҳисобланади. Илгари қисман Россияга тўғри келган. Дунёда буғдой етиштириш масалаларини ҳам ўрганиб борамиз. Қўшни давлат Қозоғистонда буғдой етиштириш ҳажми ўтган йили 11,8 миллион тоннани ташкил қилган бўлса, халқаро экспортлар фикрига кўра, бу йил Қозоғистонда 13 миллион тонна буғдой етиштирилиши тахмин қилинмоқда.
– Ўзбекистонда буғдой захираси етарли бўлса, ун ва ноннинг нархи нега ошди?
– Иқтисодчи сифатида айтадиган бўлсам, нонинг нархини қиммат дейиш ноўрин. Мамлакатимиздаги қолипли ноннинг нархини қўшни мамлакатлардаги қолипли нон нархи билан солиштирсак, биздаги нарх улардан 30-40 фоизга арзон. Мамлакатимизда аҳолини ғалла ва ун билан таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилган. Энди ун ва ғалланинг нархи ошмайди.
– Ҳозирда корхонамиз томонидан кунига ўртача 31 минг дона 26 турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда, – дейди «Боғистон» корхонаси технологи Гулчеҳра Ҳошимова. – Нон нархининг кўтарилиши эса аввало, ишлаб чиқариш таннархига боғлиқ. Чунки шу кунга қадар биринчи навли унни арзон сотиб олардик. Шунинг ҳисобига битта қолипли нонни то савдо дўконига етказиб берилганига қадар таннархи 1500 сўмга тўғри келарди. Айни пайтда бу кўрсаткич ўртача 2700 сўмни ташкил этмоқда. Сабаби, уннинг баҳоси ҳам кўтарилиб, 1 килограммини 4 минг 800 сўмдан харид қиляпмиз.
Дарҳақиқат, дастурхонимиз тўкислиги, рўзғоримиз файзу баракаси ҳам нон билан. Содда қилиб айтганда, нон одамларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг муҳим маҳсулотлардан биридир. Шундай экан, юртимизда аҳолининг нонга бўлган эҳтиёжини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу эса нон маҳсулотларига бўлган барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VGQ8_-j6lFA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА