Ўзбекистонда бозор хизматлари ҳажми ошиб бормоқда
Ўзбекистон иқтисодиётида рақамлаштириш, замонавий хизматлар ва ички истеъмол ҳажми сезиларли даражада кенгаймоқда. Айниқса, хизмат кўрсатиш сектори йилдан-йилга юқори суръатлар билан ўсиб, янги иш ўринлари ва иқтисодий фаолликнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
2026 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматларининг умумий ҳажми 406,4 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 16,6 фоизга кўп.
Хизматлар соҳасининг тармоқлар бўйича таҳлили шуни кўрсатадики, анъанавий тарзда энг катта улуш савдо хизматлари ҳиссасига тўғри келиб, ушбу йўналишда 101,8 триллион сўмлик ишлар бажарилган. Кейинги ўринларни яшаш ва овқатланиш хизматлари (69,1 триллион сўм), транспорт соҳаси (66,9 триллион сўм) ҳамда молиявий хизматлар (65,6 триллион сўм) банд этган.
Замонавий технологиялар ва рақамлаштириш даврида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 30,9 триллион сўмга етган бўлса, ижтимоий соҳалардан таълим тизимида 14,5 триллион сўмлик, соғлиқни сақлаш соҳасида эса 7,3 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 9,2 триллион сўмни, шахсий хизматлар 7,4 триллион сўмни ташкил этди. Аҳолига қулайлик яратиш билан боғлиқ бўлган компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш ҳамда ижара хизматларининг ҳар бири 5,1 триллион сўмдан акс этган бўлса, меъморчилик, муҳандислик изланишлари ва техник синовлар соҳасига 4,8 триллион сўм тўғри келди. Рўйхатга олинган бошқа турдаги хизматлар ҳажми эса жами 18,8 триллион сўмни ташкил этган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА