Ўзбекистонда автотураргоҳларни лойиҳалашга қўйиладиган янги талаблар тасдиқланди
Тоғли ҳудудлар, сув ҳавзалари яқинидаги автотураргоҳлар, электромобиллар ва велосипедлар учун алоҳида меъёрлар белгиланмоқда.
Бугун шаҳарларда автомобиллар сонининг ортиши автотураргоҳларга бўлган талабни ҳам оширмоқда. Бироқ автотураргоҳ қуриш фақат автомобиллар учун жой ажратиш билан чекланмайди. Уларнинг жойлашуви, хавфсизлиги, эвакуация имкониятлари, экологик талабларга жавоб бериши, пиёдалар ва бошқа транспорт воситалари ҳаракати учун қулайлиги ҳам муҳим.
Шу нуқтаи назардан, автотураргоҳларни лойиҳалашга қўйиладиган шаҳарсозлик талабларини такомиллаштириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги асосий меъёрий ҳужжатлардан бири ШНҚ 2.05.07-24 «Автотураргоҳлар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бўлиб, у 2025 йил 24 январда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 01/2-6-сон буйруғи билан тасдиқланган. Янги ёндашувларда автотураргоҳларни нафақат автомобилларни сақлаш жойи, балки замонавий шаҳар транспорт инфратузилмасининг бир қисми сифатида ташкил этишга урғу берилмоқда.
Туристик объектлар яқинида ташкил этиладиган автотураргоҳларда автомобиллар учун жойлар сонини белгилашда ташриф буюрувчиларнинг энг юқори мавсумий кўрсаткичини ҳисобга олиш талаб этилади. Бу айниқса, туристик мавсумда аҳоли ва меҳмонлар оқими кескин ошадиган ҳудудлар учун муҳим. Чунки оддий кунларда етарли бўлган автотураргоҳлар туристлар кўпайган даврда транспорт тирбандлиги ва тартибсиз тўхташларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис лойиҳалаш босқичида ҳудуднинг келажакдаги транспорт юкламаси ҳам ҳисобга олиниши шаҳарсозлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Тоғли ва тоғолди ҳудудларида автотураргоҳ қуришда хавфсизлик масаласи янада муҳим. Бундай жойларда қурилиш ишлари бошланишидан олдин муҳандислик-геологик ҳамда муҳандислик-гидрометеорологик тадқиқотлар ўтказилиши зарур. Тадқиқотлар орқали кўчки, тошқин, сел оқимлари, қор кўчкилари, эрозия жараёнлари, фаол сейсмик ёриқлар ва бошқа табиий хавфларнинг мавжудлиги ҳамда уларнинг чегаралари аниқланади. Шундан сўнг ер майдонининг қурилиш учун яроқлилиги баҳоланади.
Энг муҳими, автотураргоҳларни табиий сув оқимлари, сел ўзанлари, фаол кўчкилар, қор кўчкилари тушиши мумкин бўлган ҳудудлар ҳамда тошлар қулаши эҳтимоли бўлган ҳисобий траекторияларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди.Бу талаблар тоғли ҳудудларда аҳоли ва автотранспорт хавфсизлигини таъминлашда муҳим профилактик чора ҳисобланади. Кўп қаватли автотураргоҳларда автомобилларни бир қаватдан бошқасига олиб чиқиш ёки тушириш учун рампалардан фойдаланилади. Тоғли ҳудудларда эса уларга нисбатан қўшимча талаблар қўлланади. Тўғри рампанинг бўйлама нишаби 15 фоиздан, эгри рампаники эса 12 фоиздан ошмаслиги керак.
Очиқ участкалар ва музлаш хавфи мавжуд жойларда маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда нишабликни 8–10 фоиз доирасида белгилаш талаб этилади. Бундан ташқари, очиқ рампалар ва йўллар сирпанишга қарши қоплама билан жиҳозланиши керак. Музлаш хавфи мавжуд ҳудудларда эса муз ҳосил бўлишининг олдини олувчи муҳандислик ечимлари назарда тутилиши лозим. Автотураргоҳлар сув объектларига яқин жойлаштирилганда экологик талабларга ҳам қатъий риоя қилиниши зарур. Бундай объектларни лойиҳалашда Сув кодексида белгиланган сувни муҳофаза қилиш зоналари, қирғоқбўйи ҳудудлари ва санитария муҳофаза зоналари ҳисобга олинади.
Автотураргоҳдан чиқадиган ифлосланган юзаки оқова сувлар тўғридан-тўғри сув ҳавзаларига тушиб кетмаслиги керак. Улар алоҳида йиғилиб, сув ўтказмайдиган новлар ёки ёпиқ қувурлар орқали тозалаш иншоотларига йўналтирилиши лозим. Шунингдек, 100 тадан ортиқ автомобиль учун мўлжалланган автотураргоҳларда юзаки оқова сувларни тозалаш иншоотларини назарда тутиш талаб этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА