Хитойнинг тоғ-кон саноатидаги илғор тажрибаси ўрганилди
Ўзбекистонда тоғ-кон саноатини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, минерал ресурслардан самарали фойдаланиш ва соҳада рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида Хитой билан тажриба алмашинуви йўлга қўйилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 5-18 август кунлари Пекин ва Сиань шаҳарларида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда тизим ташкилотларининг стратегик ривожлантириш ва трансформация йўналишида фаолият юритувчи ходимлари иштирокида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинар давомида Хитойнинг геология ва тоғ-кон соҳасини ривожлантириш, минерал ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик мониторингни ташкил этиш ҳамда ESG тамойилларини амалиётга жорий этиш бўйича ёндашувлари атрофлича ўрганилди.
Бу жараёнда соҳада замонавий технологиялардан фойдаланиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганишлар амалий ташрифлар билан ҳам давом эттирилиб, иштирокчилар Сиань шаҳрида геологик қидирув жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилувчи “Geosite” тизими билан танишди. Шунингдек, йирик саноат корхоналари фаолияти ўрганилиб, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича амалий ечимлар таҳлил қилинди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбир давомида олинган илғор тажрибалар Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатида соҳани рақамлаштириш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ва экологик стандартларни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА