Ўзбекистонда анимация истеъдодларини ривожлантириш дастури йўлга қўйилади
Инсон мияси визуал маълумотни матнга нисбатан тезроқ қабул қилади. Анимация эса бу маълумотларнинг янада тез ёдда қолиши ва тасаввур дунёси ривожланишига ёрдам беради. Юртимизда илк бор анимация оламида дунё етакчиси бўлган Япония билан ҳамкорликда истеъдодларни ривожлантириш дастури йўлга қўйилмоқда.
Бу шунчаки ўқув курси эмас, балки миллий қаҳрамонларимизни дунё экранларига олиб чиқиш учун ташланган стратегик қадамдир.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда ELF-IN Co., Ltd ўртасида анимация ва компьютер графикаси (CG) саноатини ривожлантириш, шунингдек, ушбу йўналишда малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик учун анимация соҳасида етук мутахассисларни тайёрлашга 700 минг АҚШ долларидан зиёд грант ажратилиши кутилмоқда.

Ҳамкорлик доирасида Япония бозорига йўналтирилган анимация таълими йўлга қўйилиб, етакчи япон мутахассислари жалб этилади. Компаниянинг Ўзбекистонда шўъба корхонаси очилиб, юқори маошли иш ўринлари яратилади. Миллий ўзбек аниме маҳсулотларини яратиш ва уларни халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятлари кенгайтирилади.
Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг глобал АТ хизматлар экспортидаги ўрнини мустаҳкамлаш, ижодий саноатни ривожлантириш ва ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА