Ўзбекистонда 488 нафар кўнгилли эмланди
Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган ZF2001 рекомбинант вакцинаси синови давом этмоқда.
Жорий йилнинг 26 декабрь ҳолатига Ўзбекистонда 488 нафар кўнгилли эмланди.
Янги коронавирус рекомбинант вакцинаси (CHO ҳужайраcи)нинг 18 ёшдан юқори бўлган инсонлардаги хавфсизлиги ва COVID-19 дан ҳимоя қилиш самарадорлигини аниқлаш учун ўтказилаётир. Бу тасодифий, икки томонлама номаълум, плацебо назоратли III фаза клиник синов ҳисобланади.
Ушбу тадқиқот бутун дунё бўйича бир неча марказларда ўтказилмоқда ва 18 ёшдан ошган жами 29 минг кўнгиллини қамраб олади.

Хитойдаги кўнгиллиларда вакцинанинг хавфсизлиги ва иммуногенлиги текширилади. Хитойдан ташқаридаги давлатларда эса вакцинанинг хавфсизлиги, ҳимоявий самарадорлиги ва иммуногенлиги ўрганилади.
Бугунги кунга келиб ушбу вакцинанинг I ва II фаза клиник тадқиқотлари ўтказилган бўлиб, бу вакцинанинг хавфсиз эканлигини кўрсатди.
Шу сабабдан ҳам вакцинанинг хавфсизлиги ва COVID-19 инфекциясининг олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида ҳамда вакцинанинг ишлаб чиқарилишига рухсат этилиши ва тез орада кенг миқёсда қўлланилишини таъминлаш мақсадида III фаза клиник тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган.

Инновация вазирлиги вакцина синовларида иштирок этишни истаганлардан қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишини сурайди:
https://docs.google.com/forms/d/e/1FAIpQLSchjzL-QOnSJ9L7lPkbfTkCCKncOd98S0MeoZ-1N_dmMruEkQ/viewform
Синовда 18 дан 59 ёшгача бўлган, аввал коронавирусга чалинмаган кўнгиллилар иштирок этиши мумкин. Синовда фақат Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи аҳоли иштирок этади.
Ушбу синов давомида сизга ҳар 30 кунда 3 доза вакцина ёки назорат эритма (плацебо) юборилади. 1 йил давомида шифокорлар назоратида бўласиз. Синовга алоқадор ҳар қандай ножўя таъсирлар суғурталанади. Синов жараёнининг ҳар бир босқичи халқаро стандартлар асосида олиб борилмоқда.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА