Ўзбекистонда 4.6 млн тонна пахта ҳирмони қад ростлади
22 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда 4 миллион 630 минг тонна пахта ҳосили йиғиб олинди. Терим режаси 103 фоизга бажарилди.
2026 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мамлакатимиз деҳқонлари салмоқли натижага эришди. Одатда мавсумнинг якуний босқичида қайд этиладиган юқори кўрсаткичга октябрь ойининг иккинчи ярмидаёқ эришилгани пахтачилик соҳасидаги муҳим натижалардан бири бўлди.
Жорий йил 22 октябрь ҳолатига кўра, республика бўйича 4 миллион 630 минг тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Бу белгиланган режанинг 103 фоизини ташкил этади. Мазкур натижа фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, механизаторлар ва мавсумда иштирок этаётган минглаб меҳнаткашларнинг саъй-ҳаракатлари самарасидир.
Пахта теримида замонавий техникалардан фойдаланиш ҳажми ҳам юқори бўлмоқда. Ҳозирга қадар 3 миллион 515 минг 597 тонна пахта терим машиналари ёрдамида йиғиб олинган. Бунинг учун қарийб 3 мингта замонавий пахта териш машинаси жалб этилди.
Республика бўйича пахта теримини механизациялаштириш даражаси ўртача 76 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида эса Жиззах вилоятида бу кўрсаткич 98,5 фоизга, Сирдарё вилоятида 94,2 фоизга, Тошкент вилоятида 81,2 фоизга етди. Умуман, вилоятларда механизациялаштириш даражаси 61 фоиздан 98,5 фоизгача бўлди.
Айни пайтда далаларда пахта терими давом этмоқда. Жумладан, 49 минг гектардан зиёд майдонда биринчи терим ишлари амалга оширилиб, етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда ва нобудгарчиликсиз йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассислар фикрича, бу йилги мавсумда эришилган натижаларда замонавий агротехнологиялар, механизациялаштириш, илмий ишланмалар ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Йил давомида мамлакат ҳудудларида ташкил этилган амалий семинарлар, олимларнинг изланишлари ҳамда илмий тавсиялар асосида олиб борилган ишлар соҳадаги самарадорликни оширишга хизмат қилди.
Қишлоқ хўжалигида илм-фан ютуқларидан фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва замонавий техникаларни кенг жорий этиш пахтачилик салоҳиятини янада юксалтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
4,6 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосилининг йиғиб олиниши мавсумдаги муҳим натижа бўлиб, энди асосий эътибор далаларда қолган ҳосилни сифатли ва нобудгарчиликсиз йиғиб олишга қаратилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА