Ўзбекистон жаҳонда ислом цивилизациясининг маркази сифатида намоён бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли маънавий-маърифий ислоҳотлар, аждодлар меросини асраб-авайлаш, уни умумбашарий қадриятга айлантириш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Жорий йилнинг 7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарлари жаҳон илмий ҳамжамияти, нуфузли уламолар ҳамда давлат ва жамоат арбобларини бирлаштирувчи улкан маданий-маърифий майдонга айланади. Жаҳон цивилизациясига иккита Шарқ Уйғониш даврини тақдим этган юртимизда I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини бошламоқда.
Халқаро форумнинг асосий тадбирлари жорий йилнинг 7-8 июль кунлари пойтахтимизда қад ростлаган, маҳобати ва меъморий жиҳатдан бетакрор бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Анжуманлар доирасида жаҳоннинг турли минтақаларидан ташриф буюрадиган таниқли олимлар, шарқшунос ва исломшунос тадқиқотчилар, кўзга кўринган давлат ва жамоат арбоблари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарларининг маърузалари тингланади. Муҳокамалар марказида улуғ алломаларимизнинг дунё илм-фани ва маданияти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини бугунги замон контекстида қайта кашф этиш масалалари туради.

9-10 июль кунлари Самарқанд ва Термиз шаҳарларида анжуман ўз ишини давом эттиради. Бу ерда инсоният маънавий хазинасини бойитган уч буюк даҳо Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийларнинг илмий меросига бағишланган илмий конференциялар бўлиб ўтади. Ушбу учрашувлар замонавий дунё муаммоларига аждодлар ўгитлари орқали ечим излаш, маданиятлараро мулоқотни кучайтиришда беқиёс аҳамиятга эга.
Форум доирасидаги анжуманлар силсиласининг Термиз шаҳрида ўтказиладиган қисми “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзусидаги нуфузли халқаро конференция бўлиб, ушбу анжуман доирасида ислом цивилизацияси ривожига беқиёс таъсир кўрсатган термизлик буюк алломаларнинг улкан илмий ва маънавий жасорати халқаро миқёсда атрофлича таҳлил этилади. Мазкур конференцияда жаҳоннинг энг етук олимлари томонидан Термиз ҳадис мактабининг шаклланиш омиллари, унинг тарихий тадрижий ривожи ҳамда бутун мусулмон оламидаги ўзига хос мақоми фундаментал тадқиқотлар асосида ёритиб берилиши кутилмоқда. Анжуман маърузаларида буюк муҳаддис Имом Термизийнинг ибратли ҳаёт йўли, бебаҳо илмий мероси ҳамда олимнинг шоҳ асари ҳисобланмиш “Сунани Термизий” ҳадис тўпламининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, анжуманда улуғ мутасаввиф ва ориф Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг ҳаёти, бетакрор илмий мероси ҳамда у зотнинг ислом илмлари ривожида тутган алоҳида ўрни дунё илмий жамоатчилиги нигоҳида қайта кашф этилади. Умуман олганда, Термиз алломалари томонидан қолдирилган улкан маънавий хазинанинг бугунги замонавий дунёда юзага келаётган турли ғоявий ва маънавий таҳдидларга қарши курашишдаги роли ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясидаги беқиёс аҳамияти мақолалар ва мунозараларнинг бош мезонига айланади.
Анжуман доирасида қизғин илмий-амалий муҳокамалар, ялпи ва шўба мажлислар, дунё кутубхоналарида сақланаётган ноёб қўлёзмалар ва тарихий манбалар тақдимотлари ўтказилади. Шунингдек, халқаро кўргазмалар ва ранг-баранг маданий-маърифий тадбирлар меҳмонларга ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини яқиндан ҳис этиш имконини беради.
Юртимизда меҳмон бўлиб турган халқаро миқёсдаги олимлар, давлат ва жамоат арбоблари Сурхондарё вилоятидаги тарихий обидалар, жумладан, Муҳаммад Ҳаким Термизий ва Имом Абу Исо Термизий зиёратгоҳ мажмуаларига ташриф буюриб, ушбу муқаддас қадамжоларда асраб-авайланаётган беназир маънавий меросимиз билан яқиндан танишадилар. Бундай эзгу қадамлар нафақат тарихий адолатни тиклаш, балки дунё аҳлининг юртимизга бўлган ҳурмат ва эътиборини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шубҳасиз, I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми юртимиздаги ислом маданиятининг умуминсоний тараққиётга қўшган беқиёс ҳиссасини илмий асосда кенг тарғиб этиш, халқаро академик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва истиқболли илмий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам ва ишончли глобал майдон вазифасини ўтайди. Мазкур анжуман Ўзбекистоннинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, жаҳон илм-фани маркази ва маданиятлар туташган муқаддас замин эканини яна бир бор исботлаши муқаррар.
Зафар ФАХРИДДИНОВ,
Имом Мотуридий Халқаро илмий-
тадқиқот маркази илмий ходими.
ЎзА